Навоий вилоятида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш бўйича Ички ишлар органлари, мутасадди идоралар ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги фаолияти самарадорлигини баҳолаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ишчи гуруҳ дастлаб Қизилтепа туманида бўлиб, “Узилишкент”, “Ғойибон” маҳалла профилактика инспекторлари фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, улар “Тoshrabot textile” МЧЖда бўлиб хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Республика ишчи гуруҳи томонидан Нурота туманидаги “Эшон Судур” МФЙга хизмат кўрсатувчи 9-сонли ҳуқуқ-тартибот масканида “Маҳалла бешлиги” фаолияти таҳлил қилинди.

– Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари жараёнида аҳолининг долзарб ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва жойида бартараф этишда сектор раҳбарларининг ташаббускорлигига асосий эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Ўктам Усмонов. – Шунингдек, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси томонидан осойишталикни таъминлаш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича янгича ишлаш тизимини амалиётга кенг татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар жойида муҳокама этилиб, тегишли тавсиялар берилмоқда. Бундан ташқари, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини яратиш, истеъмол бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва уларнинг захирасини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар кўздан кечирилмоқда.


Ишчи гуруҳи аъзолари Ғозғон шаҳри, Навбаҳор ҳамда Кармана туманларида ҳам бўлди. Улар Ғозғон шаҳрида мактабгача ёшидаги болаларнинг тарбияланиши, илм олиши учун яратилган шароитларни ўрганиб, ҳудуддаги саноат корхоналари фаолияти, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилди. Навбаҳор туманида эса Ишчи гуруҳ аъзолари аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ мурожаатларнинг ечими билан танишган бўлса, Кармана туманида ёшлар учун яратилаётган инновацион қулайликлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуднинг криминоген вазиятини таҳлил қилди.
Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА