Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси Зафаробод туманида шу ҳудуддаги “Писталикент” шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.
Қабулда Жиззах вилоятидаги Президент Халқ қабулхонаси мудири Б.Узоқов, Зафаробод тумани ҳокими Ў.Раҳмонов, секторлар, вилоят ва туман мутасадди ташкилотлари раҳбарлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар фаоллари, маҳалла ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.


Қабул давомида “Писталикент” ШФЙда истиқомат қилувчи фуқароларнинг асосан, электр тармоқлари, ичимлик ва оқава сув, ички йўллар таъмиридаги муаммолар шу билан бирга бандлик билан боғлиқ масалалар ва моддий ёрдамга оид мурожаатлар тушган. Ўттиз бешта мурожаатнинг ўн олтитаси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Шу ўринда, сайёр қабулда фуқаролар томонидан кўтарилаётган ҳар бир мурожаат алоҳида назоратга олиб борилганини ҳам қайд этиб ўтиш лозим. Шунингдек, муддат талаб қиладиган мурожаатлар ечимини топиши юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.
– Президентимиз ташаббуси билан ишни маҳаллабай тизимида ташкил этиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этилишининг самарали механизми ва усули бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Ишни маҳаллабай тизимида давом эттирамиз. Сайёр қабуллар эса жойларда ўрганилган муаммолар ижросини таъминлаш ва назорат қилишнинг энг мақбул жараёнидир. Ҳар бир мурожаат доимий назоратимизда бўлади, – деди Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров.


Зафаробод туманида ўтказилган сайёр қабул ниҳоясида беш нафар “қизил” тоифага кирувчи ёшга даволанишлари, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган беш нафар хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам ажратилганлиги тўғрисидаги сертификатлар, яна беш нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизга ўзини ўзи банд қилиши учун электр печлар тақдим этилди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА