Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Ҳамза Рўзиев Ғиждувон туманидаги “Тахтахон” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли вакиллари билан учрашди. Тадбирда фуқароларни қийнаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда малакали ҳуқуқшунос ва нотариуслар “Тахтахон”, “Зарафшон”, “Қассобон”, “Буктарой” маҳалла фуқаролар йиғинларидан келган фуқароларнинг муаммоларини тинглади. Оилавий муносабатлар, ер ва уй-жой, суд-ҳуқуқ масалалари, банк кредитлари ва тадбиркорлик, таълим ва тиббиёт ҳамда айрим соҳалардаги жиноий масалаларга оид масалаларга тегишли мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.


– Учрашувда аҳоли томонидан билдирилган мурожаатлар атрофлича ўрганилди, – дейди депутат. – Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг соғлиқни сақлаш йўналишида белгиланган вазифалар ижроси ҳам ўрганилди. Ғиждувон туманининг “Соҳибиён” ҳамда “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ўтказилган депутатлик назорати тадбирлари муҳокама этилди.


Хусусан, аёлларни йод, темир каби турли препаратлар билан, шунингдек, тегишли ёшдаги болаларни микронутриент кукуни, гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминлаш, аёлларда келиб чиқиши мумкин бўлган бир қатор хавфли ва ўсма касалликларни эрта аниқлаш ишлари таҳлил қилинди. Ҳудуддаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли соҳа масъулларига зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.