Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли масканларида юқори тезликдаги интернет тармоғи қамрови 89,9 фоизга етган
18:00 / 2023-12-29

Бугунги кунда барча тармоқлар ва соҳаларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан самарали фойдаланиш натижасида давлат бошқаруви тизими тўлиқ рақамлаштирилмоқда.

Мамлакатимизда давлат ва жамият, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишларни давом эттириш мақсадида 2023 йил учун мўлжалланган давлат дастурида қатор вазифалар белгиланган. Ушбу вазифалар ижроси юзасидан Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Масалан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида таълим, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, спорт, алоқа, нотариал хизматлар, иқтисодий соҳаларга оид 573 та электрон хизматлар жорий қилинган бўлиб, ушбу кўрсаткич жами анъанавий давлат хизматлари сонига (774 та)га нисбатан 74 фоизни ташкил қилган. 

Шу билан бирга, IT-Парк резидентлари сони йил бошидан 378 тага ошиб, 1500 тани ташкил этган, жумладан хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сони 56 тага ошиб, 221 тага етган. Компьютер дастурлаш ва аутсорсинг хизматлари ҳажми эса 6,8 триллион сўмга, уларнинг экспорти ҳажми 220 миллион долларга етказилган. 

Республика аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш мақсадида 61 минг км оптик толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 231 минг кмга етказилган. Натижада аҳоли яшаш масканларида юқори тезликдаги интернет тармоғи қамрови 89,9 фоизни ташкил этган. Аҳоли яшаш масканларининг кенг полосали мобиль алоқа тармоғи билан қамров даражаси 99 фоизга, халқаро аҳамиятга эга магистрал автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобиль интернет қамров даражаси эса 80 фоизга етган. 

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг рақамлаштириш йўналишидаги бандлари ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари юзасидан Рақамли технологиялар вазирлигининг ахбороти эшитилди. 

Муҳокамалар давомида депутатлар Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижроси ўз вақтида таъминланганини эътироф этган ҳолда, соҳага оид айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар, қатор таклиф ва тавсиялр билдирилди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА