Сенат аъзолари Тошкент шаҳар ҳокимлигида учрашув ўтказди. Унда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари, маҳаллий кенгашлардаги комиссиялар аъзолари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, ННТ ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, «Маҳалла еттилиги» ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан белгиланган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишларда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий устувор вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилди.
Мазкур вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини йўлга қўйиш, жойларда назорат-таҳлил тадбирларини олиб бориш, шунингдек, бу борада вакиллик органларининг фаол иштирокини таъминлаш муҳим эканлиги таъкидланди.
Инвестиция, экспорт, саноат ҳамда ижтимоий соҳалардаги устувор вазифаларнинг бажарилиши, «Маҳалла еттилиги» фаолиятига кўмаклашиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг маълумотлари тингланди. Кечикаётган ишлар муҳокама қилиниб, ишларни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Тадбирдан сўнг сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда мутасаддилар Юнусобод туманида жойлашган ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди ҳамда «Маҳалла еттилиги» фаолиятини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш бўйича тавсия ва таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА