Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида Президентимизнинг Олий Мажлис ва халққа йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида 2025 йилда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда, энг асосийси аҳоли ҳаётида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Бу ишлар 2026 йилда ҳам изчил давом эттирилиши белгиланган.
Туман ҳокими Комилжон Муллажоновнинг маълум қилишича, Иқтисодий ўсишнинг ҳақиқий баҳоси — бу рақамларда эмас, балки ҳар бир оила ҳаётидаги ўзгариш ва кундалик фаровонликда сезилади. Шу мақсадда 2025 йилда Сайхунободда иқтисодий фаолликни оширишга қаратилган ишлар тизимли равишда амалга оширилди.

Саноат соҳасида ўсиш суръати 108,0 фоизни ташкил қилиб, 851 млрд. сўмга етди. Айниқса, илгари саноат кириб бормаган маҳаллаларда кичик ишлаб чиқариш лойиҳалари йўлга қўйилди. Фаровон маҳалласидаги кичик саноат зонасида 32,5 гектар бўш ер майдони янги лойиҳаларга ажратилиб, тадбиркорлар томонидан қурилиш ишлари бошланди. Бу орқали маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, логистика харажатларини камайтириш ва янги иш ўринлари яратиш имкони пайдо бўлди. 2025 йил якуни билан Президент ташрифлари давомида Сайхунобод туманига қўшимча 200 гектар саноат зонаси учун ер ажратиб берилди.

Қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш 104,0 фоизни ташкил қилди. 1485 тонна органик маҳсулот етиштирилди, 30 дона замонавий техника ва агрегатлар сотиб олинди. 2226 гектар ер майдонида сув тежовчи технологиялар жорий қилинди, 29,3 километр каналлар битонлаштирилди. Ирригация тизимида 68,1 миллион куб метр сув иқтисод қилинди. Шу билан бирга, сув йўқотиш даражаси ҳали ҳам 47 фоизни ташкил этиб, соҳадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатмоқда.
Қурилиш ва инфратузилма соҳасида 2025 йилда 138,9 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. 18 та маҳалланинг кириш йўллари ободонлаштирилди, маҳаллалардаги хонадонлар ташқи кўриниши янгиланди, 18,7 километрлик кўчаларга шағал ётқизилди, 33,0 километр ички йўллар асфалтланди. 18 та кўп қаватли уй таъмирланиб, 450 та хонадон марказлашган ичимлик суви тармоғига уланди. Натижада марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 94,2 фоизга эришилди.

Хизматлар соҳасида бозор хизматлари ҳажми 110,6 фоизга ўсди. “Драйвер” лойиҳаси доирасида туну-кун ишлайдиган хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди. Ёшлар учун IT ва хорижий тил кўникмалари оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, алоқа инфратузилмаси кенгайтирилиб, 45 километр оптик толали линиялар яратилди. Туризм соҳасида эса 18,1 минг нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳ жалб қилинди.
Асосий капиталга инвестицияларни ўзлаштириш режага нисбатан 310,5 фоизга бажарилди. 74 та инвестиция лойиҳаси (жалб қилинган маблағ 83,0 млн. доллар) ишга туширилди.Экспорт ҳажми 31,0 миллион долларга кўтарилди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш доирасида 178 та банк мижози билан ишлаб, янги иш ўринлари яратилди. 18 та маҳаллада 784 та микро лойиҳа амалга оширилиб, 1600 та янги иш ўрни яратилди, 17,8 миллиард сўм кредитлар ажратилди. Хотин-қизлар учун 363 та бизнес ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Энг асосийси, Сайхунобод туманида иқтисодий ўсиш учун барқарор замин яратилди. Ҳоким таъкидлаганидек, асосий вазифа — ўсишни ҳар бир оила ва ҳар бир инсон ҳаётида сезиладиган фаровонликка айлантиришдир. Шу боис ҳар бир лойиҳанинг ижтимоий самараси доимий назорат қилинади ва жойларда ижро интизоми таъминланади. Ҳоким фикрига кўра, иқтисодий ўсишнинг ҳақиқий баҳоси — янги иш ўринлари, хизматлар сифати ва аҳоли турмуш даражасида намоён бўлиши керак.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири