Мамлакатимизда маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштириш, аҳоли манфаатларини жойларда ҳал этиш ва уларнинг турмуш даражасини ошириш мақсадида жорий этилган ҳоким ёрдамчилари институти самарали натижалар бераётгани амалда ўз исботини топмоқда. Бунинг ёрқин мисолларини Жиззах вилоятининг Арнасой тумани тажрибасида яққол кўриш мумкин.
Туманнинг барча маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан доимий мулоқот олиб бориб, ҳар бир хонадоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини ўрганмоқда. Шу сабабли ҳам муаммоларни манзилли ҳал этишга эришилаётир.
Хусусан, “Ғолиблар” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиси Лазиз Мамараимов ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар аҳолининг меҳнат бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 778 та хонадон ва қарийб 3800 нафар аҳолини қамраб олган маҳаллада жорий йил давомида 114 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Улардан 52 таси юридик шахс, 62 таси якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият бошлади. Бу орқали 228 та янги иш ўрни яратилди.

2025 йил бошида 101 нафар ишсиз фуқаро рўйхатда бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг барчаси иш билан таъминланди. Бунда имтиёзли кредитлар ажратиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва хотин-қизларни пиллачилик ҳамда маҳаллий ишлаб чиқариш соҳаларига жалб этиш ишлари муҳим омиллардан бўлди.
Шунингдек, 18 нафар хотин-қиз янги ташкил этилган “Ассет Тех” корхонасида доимий иш ўрнига эга бўлди, яна 6 нафар фуқаро уй шароитида хизмат кўрсатиш орқали бандликка эришди.
Бугунги кунда маҳалла ҳудудида 38 та микролойиҳа амалга оширилиб, қўшимча 92 та иш ўрни яратилди. Бу кўрсаткичлар нафақат иқтисодий фаолликни оширишга, балки аҳолининг жон бошига тўғри келадиган даромадларнинг ўсишига ҳам олиб келди.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири