Аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги Наврўз маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ўзининг аниқ ва амалий натижаларини бермоқда.
Мазкур маҳалладаги 1 минг 340 та хонадонда 5 минг 574 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисми чорвачилик, томорқачилик ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан шуғулланади.
– Маҳалламизда аҳолини камбағалликдан чиқариш, даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган давлат дастурлари ва Президент қарорлари асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда, – дейди ҳоким ёрдамчиси Азиз Эргашев. – 2025 йил давомида кам даромадли оилалар реестрида турган 82 та оила ижтимоий тўловлар, мақсадли жамғармалар ва имтиёзли кредитлар асосида қўллаб-қувватланди. Жорий йилда эса яна 96 та оилани қўллаб-қувватлаб, уларни йил якунига қадар реестрдан чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ишлар маҳалла “еттилиги” билан ҳамкорликда аниқ режа асосида олиб борилмоқда.
Бунинг яққол мисоли сифатида Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи Шоҳиста Алланазаровани келтириш мумкин. У икки йил муқаддам камбағал оилалар реестрига киритилган бўлиб, давлат кўмаги асосида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйди. Унга замонавий тикув машинаси ва оверлок ускунаси берилди, яқинда эса 10 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
– Тикувчилик болалигим орзуси эди, – дейди Шоҳиста Алланазарова. – Давлатимиз раҳбарининг аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ташаббуслари биз каби уйда ўтирган хотин-қизлар учун катта имконият яратди. Ҳозир нафақат маҳалла, балки бозор учун ҳам болалар ва катталарга мўлжалланган мавсумий кийим-кечаклар тикиб сотяпман. Келгусида устоз–шогирд анъанаси асосида бошқаларни ҳам иш билан таъминлашни режалаштиряпман.
[gallery-27432]
Айни пайтда Мирзаободда тикувчилик, паррандачилик, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган оилалар сони йил сайин ортиб бормоқда. Уларга амалий ёрдам кўрсатилиб, ташаббус ва таклифлари ўрганилмоқда.
Шунингдек, томорқачилик ва деҳқончиликдан самарали фойдаланиш аҳоли учун ишончли даромад манбаига айланмоқда. Наврўз маҳалласи аҳолиси ихтиёрида жами 17 гектар томорқа ер майдони мавжуд бўлиб, ушбу ерларда юқори даромадли экинлар экиш, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш ва бир йилда икки-уч марта ҳосил олиш амалиёти кенг жорий этилмоқда.
– Хонадонимдаги 8 сотих томорқанинг 2 сотихида иссиқхона ташкил этганимга икки йилдан ошди, – дейди меҳнат фахрийси Маҳмуд ака Аманов. – Томчилатиб суғориш тизимини жорий қилдим. Эрта баҳорда бодринг, кейин эса помидорнинг бозорбоп навларини экиб, ҳосилни маҳаллий бозор ва дўконларга чиқараман. Бу орқали яхшигина даромад топяпман. Энг муҳими, рўзғор обод ва маҳсулотларимиз ўзимизники.
Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишларида томорқачиликни ривожлантириш бўйича илгари сурилган ташаббуслар аҳоли фаоллигини оширди. Сертификатланган кўчатлар харидининг 50 фоизи давлат томонидан қопланмоқда, томчилатиб суғориш тизимлари учун компенсациялар ва экспортбоп маҳсулот етиштирган деҳқонлар учун рағбатлантириш мукофотлари ҳам белгиланган.
Шу билан бирга, камбағаллик реестрида турган Сарвиноз Яхшибоева оиласига чорвачилик йўналишида 20 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, 7 бош қўй олиб, фаолият йўлга қўйилди. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида эса ўнлаб оилалар ўз бизнесини бошлади. Жумладан, маҳаллалик Жамшидхўжа Сайидазимов имтиёзли кредит асосида бетон қопламалар, плита ва сув қудуқлари учун бетон ҳалқалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, 3 та янги иш ўрни яратди.
– Имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва мақсадли дастурлар орқали аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, томорқачилик, чорвачилик ва уй меҳнати асосида фаолият турларини ривожлантириш ўзининг аниқ самарасини бермоқда, – дейди ҳоким ёрдамчиси Азиз Эргашев. – Натижада кўплаб оилалар доимий даромад манбаига эга бўлиб, камбағаллик реестридан чиқмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда ва аҳолининг ижтимоий фаоллиги изчил ошиб бормоқда.
Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар Мирзаобод тумани, хусусан, Наврўз маҳалласида нафақат аҳолининг моддий аҳволини яхшилашга, балки уларда меҳнат қилишга бўлган ишонч, ташаббускорлик ва эртанги кунга бўлган умидни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Эришилаётган натижалар камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар ҳаётий, манзилли ва барқарор эканини, энг чекка маҳаллаларда ҳам ўзининг ижобий самарасини бераётганини яққол намоён этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qzLkQ8UniPc" title="Aholi daromadi va farovonligi oshmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Анваржон Назарқулов (видео) ЎзА