Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли дардлари эшитилди, аниқ вазифалар белгилаб берилди
11:20 / 2025-11-21

Гулистон шаҳрининг Обод юрт маҳалласи йиллар давомида аҳоли сабрини синаб келган муаммолар маконига айланганди. Ёмғир ёғиши билан ботқоққа айланадиган, юриб бўлмайдиган кўчалар, ҳафталаб йиғилиб қоладиган чиқиндилар, иссиқ кунларда бутун ҳудудга тарқаладиган оғир ва қўланса ҳид, ноқонуний равишда эгалланган йўлаклар, қаровсиз қолиб кетган ҳудудлар — буларнинг барчаси маҳалла аҳолиси ҳаётини мураккаблаштириб юборганди. Одамлар бу ҳақда бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, масалалар ечимсиз қолиб кетган эди.

Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов масъуллар билан бирга Обод юрт маҳалласига ташриф буюриб, аҳоли кўтарган муаммоларни бевосита жойида ўрганди. Ташриф одатий эшитиш ва қайд этиш билан чекланмади — ҳар бир камчилик, ҳар бир шикоят қилинган манзилга чиқилиб, муаммолар амалда кўриб чиқилди.

Мулоқот жараёнида аҳоли ўз шикоятларини очиқ билдириб, қуйидаги масалаларни таъкидлади: кўчаларда юриш қийинлиги, иссиқ кунларда тарқаладиган оғир ҳид ва йўлакларнинг қонуний тартибда бўлмаслиги.

Вилоят раҳбари масъул хизматларга мурожаат қилиб, қатьий тарзда шундай деди:

— Ҳеч бир иш кечиктирилмайди. Бу нафақат аҳоли муаммоси, балки бизнинг ҳам масъулиятимиз. Масалани ҳал этмаслик ва атрофни тозаламаслик янада катта муаммоларга олиб келади.

Ташриф давомида қайси ташкилот қандай камчиликка йўл қўйгани ва ишларнинг нима учун тўхтаб қолгани ҳам юзма-юз муҳокама қилинди. Муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгиланди.

Белгиланган вазифаларга кўра: маҳалладаги йўллар босқичма-босқич таъмирланади, чиқинди ташиш тизими қайта йўлга қўйилади, ободонлаштириш ишлари кучайтирилади ва қаровсиз ҳудудлар тикланади. Ноқонуний эгалланган йўлаклар очилиб, уларда қонуний тартиб ўрнатилади, аҳоли учун қулай масканлар яратилади.

Аҳоли вакиллари шундай дейишди:

— Муаммоларимизни айтдик — эшитишди, кўришди. Энди ижросини ҳам кўрамиз деган умиддамиз.

Обод юртда янги ҳаёт ва ширин орзу-умидлар бошланиши учун зарур замин яратилди. Энг муҳими, аҳоли бу сафар  маҳаллада ҳақиқатдан ҳам ўзгаришлар бўлишига чин дилдан ишонишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири