Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли билан мулоқотлар
12:40 / 2025-01-30

Сирдарёда Республика ишчи гуруҳи томонидан ўтказилаётган оммавий сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлиги ва бошқа вазирлик, идораларининг раҳбарлари иштирок этишяпти.

–Сирдарё туманида Сирдарё ва Сайхунобод аҳолиси учун ўтказилган оммавий сайёр қабулларда 450 дан ортиқ, Гулистон шаҳридаги "Ёшлар маркази" биносида Гулистон шаҳри, Гулистон ва Боёвут туманлари аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабул жараёнларида 400 дан ошиқ масала эшитилди ва ўрнатилган тартибда қайд этилиб, тегишли ташкилотларга йўналтирилди,– дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Иброҳим Аҳмедов.–Келиб тушган мурожаатлар асосан суд-ҳуқуқ, Олий суд, прокуратура, ички ишлар. соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга тааллуқли бўлиб, тадбир жараёнида фуқароларнинг 300 дан ортиқ мурожаати қаноатлантирилди, яъни ижобий ҳал этилди.

[gallery-21510]

Ўтказилган қабулда суд-ҳуқуқ тизимига оид мурожаатлар, тиббий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим, бандлик, маҳаллалардаги инфратузилма, банк кредитлари ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Қабулда фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларга жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар эса назоратга олиниб, тез фурсатда ижобий ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўриш белгиланди.

Олий суд масъуллари ҳамда Сирдарё вилояти судлари раҳбарияти томонидан ўтказилган оммавий сайёр қабулларда жами 46 нафар фуқаронинг мурожаати рўйхатга олинди.  

Шундан 31 таси жиноят ишлари бўйича, 10 таси фуқаролик ишлари бўйича, 2 таси иқтисодий ишлар бўйича ҳамда 3 таси маъмурий ишларга тааллуқли бўлиб, 28 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 18 таси қаноатлантирилди, 4 таси эса қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди.  

Қабуллар давомида Жиноят ишлари бўйича Гулистон тумани ва Гулистон шаҳар судининг сайёр мажлислари ҳам ташкил қилиниб, 40-сонли манзил колониясида жазо ўтаётган 12 нафар маҳкумнинг жазоси енгилига алмаштирилиб, пробация гуруҳининг тақдимномасига асосан 5 нафар жазо ўтаётган шахснинг жазоси муддатидан илгари шартли равишда тугатилди.  

Фуқаролик ишлари бўйича судларга қилинган мурожаатлар асосида 5 та алимент ундиришга оид суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди.  

Адлия вазирлиги масъуллари томонидан қабулларда фуқароларнинг ишга жойлашиш, ижтимоий ҳимоя, меҳнат муносабатлари, тиббиёт, коммунал соҳа, давлат хизматларидан фойдаланиш, мулкий ҳуқуқларга оид бир қатор муаммолари масъуллар томонидан кўриб чиқилди. Жумладан, Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишга тиклаш тўғрисида қилган мурожаати ҳам қонун доирасида ўрганиладиган бўлди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўтказилган сайёр қабуллар давомида фуқароларнинг 50 дан ортиқ мурожаати тингланди. Шундан икки нафар фуқаро оёғига эндопротез қуйиш, етти нафар фуқаро урологик, офталмологик, гинекологик ва бошқа касалликлар сабаб жарроҳлик амалиёти, бир нафар фуқаро онкологик, 6 нафар даволаниш учун, 2 нафар иш, 1 нафар эшитиш мосламаси олиш учун, 5 нафар дори-дармон, 1 нафари юрагига стент қуйдириш масаласида ёрдам сўради.

Бир нафар фуқаро дорихоналарда сотилаётган дориларнинг нархи жуда ҳам баландлиги, бир нафари маҳаллий поликлиника ишидан норози эканлиги бўйича, яна бир нафари эса дориларни божхона текширувларидан ўтказишда қийинчиликка учраётгани юзасидан мурожаат қилди.

Мурожаатларнинг аксарияти шу ерда ечимини топган бўлса, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилот вакилларига топшириқлар берилди.  

Адлия вазирлиги масъуллари томонидан қабулларда фуқароларнинг ишга жойлашиш, ижтимоий ҳимоя, меҳнат муносабатлари, тиббиёт, коммунал соҳа, давлат хизматларидан фойдаланиш, мулкий ҳуқуқларга оид бир қатор муаммолари масъуллар томонидан кўриб чиқилди. Жумладан, Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишга тиклаш тўғрисида қилган мурожаати ҳам қонун доирасида ўрганиладиган бўлди.

Республика ишчи гуруҳининг Сирдарё вилоятидаги оммавий қабуллари доирасида аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга оид мурожаатлари ижроси юзасидан ҳудудда кенг кўламда ободонлаштириш ҳамда инфратузилмани яхшилаш бўйича қатор саъй- ҳаракатлар хам амалга оширилди. Жумладан, Сирдарё, Сайхунобод, Мирзаобод туманларидаги таъмирталаб кўчаларга шағал ётқизилди. Электр , газ ва ичимлик суви таъминотини янада яхшилашга қаратилган манзилли дастурлар амалга оширилди.

Барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотга кириши, айниқса, сайёр қабуллар орқали мурожаатчилар ҳузурига бориши уларнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.  

Ғулом Примов,

Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),

ЎзА мухбирлари