Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли бандлигини таъминлашда “Сармозор” тажрибаси
12:02 / 2024-09-25

ФОТОРЕПОРТАЖ

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани каби, Фарғона вилоятида ҳам “Сайхунобод”, “Уйчи”, “Зарбдор”, “Ғиждувон” тажрибалари асосида тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудларда ишсизликни тугатиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Қўштепа туманидаги “Сармозор” маҳалла фуқаролар йиғини бу борада ибрат кўрсатаётир. 

Мазкур маҳаллада  мавжуд 1253 хонадонда 6570 нафар аҳоли истиқомат қилади. МФЙ раиси Жаҳонгир Аброров бошчилигидаги “еттилик”нинг бир ёқадан бош чиқариб, астойдил меҳнат қилаётгани натижасида ушбу маҳалла ишсизликдан ҳоли мақомига эга бўлди. 

– Жорий йил бошида ҳудудимиздаги ҳар бир хонадонни хатловдан ўтказдик, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Саидолимхон Нуриддинов. – Хатлов жараёнида 352 нафар ишсиз фуқаро аниқланди. Маҳалла фуқаролар йиғинини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш мақсадида 50 та микро ва макро лойиҳа ишлаб чиқилди. Бугунги кунга келиб эса, ушбу лойиҳаларнинг 37 таси ишга туширилди. Натижада нафақат ҳудудимиз, балки бизга яқин МФЙлар аҳолисини ҳам иш билан таъминлаш имкониятига эга бўлдик. 

Маҳалладаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналардан бири – “Шарқ Равон” МЧЖда 100 хил турдаги оёқ кийим ишлаб чиқарилади. Бугун мазкур корхона ўз маҳсулотлари билан “AZMARO” бренди остида дунё бозорига чиқмоқда. Лойиҳа қиймати 60 миллиард сўм бўлган мазкур ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятининг ташкил қилиниши натижасида 143 та янги иш ўрни яратилди. Корхона ишлаб чиқарган маҳсулотлар эса Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

Яна бир ишлаб чиқариш корхонаси – “МР Текс” масъулияти чекланган жамияти бугун нафақат сармозорлик ишсиз аёлларни, балки Олтиариқ, Ёзёвон ҳамда марғилонлик хотин-қизларни ҳам иш билан таъминлаган. Лойиҳа қиймати 8 миллиард сўм бўлган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида 120 нафардан зиёд хотин-қиз доимий иш билан банд. Бу ерда 20 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 

[gallery-19434]

Сармозорликлар ердан унумли фойдаланиш борасида ҳам эътибор қозонган. Бу ерда ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб, яхши даромад топаётган миришкорлар кўпчиликни ташкил этади. 

Улардан бири Одилжон Ғозиев лойиҳа қиймати 2 миллиард сўм бўлган замонавий иссиқхона ташкил қилинган. Унда “Черри” ва “Пикпарадайс” навли помидор етиштирилмоқда. Тадбиркор иссиқхона ташкил этиш ҳисобига 15 та янги иш ўрни яратди. 

Шунингдек, ҳудуддаги “Натурал Милк Водий” хусусий корхонаси томонидан “Боярин” бренди остида сутни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилиб, 10 та янги иш ўрни яратилди. Корхона фермер хўжаликлари ва маҳаллий аҳолидан сут ва сут маҳсулотларини сотиб олиб, қайта ишлаяпти. Маҳсулотлар мактабгача таълим ташкилотлари ва ички бозорга етказиб берилади.

Яна бир ишлаб чиқариш объекти – “Малика пойабзаллари” хусусий корхонасининг лойиҳа қиймати 10 миллиард сўм бўлган пойабзал тагликлари ишлаб чиқариш тармоғида 40 киши иш билан таъминланди.

“Замин Барака” хусусий корхонаси томонидан мебель ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил қилиш орқали эса 25 та иш ўрни ҳосил қилинди. Корхонада янги технологиялар асосида барча турдаги мебеллар ишлаб чиқарилмоқда. 

Хулоса ўрнида айтиш керак, мазкур маҳалла масъуллари бу билан тўхташ ниятида эмас, албатта. Улар йил янунига қадар умумий қиймати 11 миллиард сўм бўлган 13 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш орқали қўшни маҳаллалардаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни ҳам иш билан таъминлашни режалаштирган.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА