Маҳалладаги ютуқ ва камчиликларни, энг аввало, шу ҳудудда яшовчи фаоллар яхши билади. Бугун мамлакатимизда маҳаллаларга эътибор ҳар қачонгидан бир неча баробар юқори.
Маҳалла идорасига борсангиз катта бир жамоа ишлаётганига гувоҳ бўласиз. Раис ва унинг ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика нозири ҳудуд фаровонлиги учун меҳнат қилишмоқда. Бугунги ислоҳотлар даврида маҳалла ташаббускор, халққа елкадош бўлмоқда.
Маҳаллалардаги муаммоларни изчил, тизимли ҳал этишда эса ҳоким ёрдамчиларинг ўрни алоҳида бўлмоқда.
Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Ёбу” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият олиб бораётган Ўлмас Ҳайдаров фаолиятига қисқача тўхталамиз. У ўз ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, оилалар турмуш фаровонлигини ошириш учун самарали меҳнат қилаётган ҳоким ёрдамчиларидан саналади.
“Ёбу” маҳалла фуқаролар йиғинида 432 та хонадон бўлиб, уларда 827 оила мавжуд. Ҳудудда 2 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ўтган даврда маҳаллада уйма-уй юрилиб, аҳолининг муаммолари ўрганилди. Хонадонлар ҳоким ёрдамчиси томонидан тўлиқ хатловдан ўтказилди, “Online mahalla” электрон платформасига тўлиқ киритилди.
Маҳаллаларнинг асосий драйвер соҳаларини аниқлаш борасида ишлар олиб борилди. Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан ҳудудда 3 та масъулияти чекланган жамият, 2 та оилавий корхона, 7 та якка тартибдаги тадбиркор ва 2 та ҳунармандчилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Уларга жами 22 нафар банд бўлмаган аҳоли ишчи ёки уста-шогирд сифатида жалб қилинди.
– Давлатимиз раҳбарининг ҳоким ёрдамчиларини “Президентнинг маҳалладаги вакиллари” деб атагани бизга билдирилган ишончнинг нечоғлик юксак эканини англатади, – дейди Ўлмас Ҳайдаров. – Бу ишонч ҳамиша янада самарали меҳнат қилишимизда куч бўлади. Ёзда – 2 июль куни Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳар ҳокимлари Пахтачида бўлишди. Масъуллар бизнинг маҳаллада ҳам бўлишди, бизнинг – ҳоким ёрдамчисининг фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Маҳаллада амалга оширилаётган ишларга яхши баҳо беришгани ўзимга бўлган ишончни янада оширди.
Ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан тавсияси билан ҳудуддаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг 11 нафарига ўз даромад манбаига эга бўлишлари учун субсидия асосида асбоб ускуна, 29 нафар фуқарога деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун жами 5,8 гектар ер олиб берилиб, экин экиш ишлари ташкил этиб берилди.
Шунингдек, 91 нафар фуқаро ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди. Ер олган 23 нафар ижтимоий дафтарларда турган фуқароларнинг барчаси деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказилиб, ўз тадбиркорликларини йўлга қўйди. Бундан ташқари, 21 нафар банд бўлмаган фуқарога “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, асбоб-ускуна харид қилишда амалий ёрдам берилди. Натижада уларнинг ҳам бандлиги таъминланди.
Эҳтиёжманд бир қатор оилаларга имтиёзли кредит ажратган ҳолда мототранспорт воситаси олиб беришга ҳам кўмаклашилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, маҳалла вакили Севара Очиловага имтиёзли кредит ажратган ҳолда 4 дона замонавий тикув машинаси олиб берилди. Маҳалладаги ишсиз хотин-қизларни тикувчиликка қизиқтириш мақсадида ушбу тадбиркорга бириктирилди. Натижада маҳаллада кичиккина тикувчилик цехи ташкил этилди.
Маҳаллаларда бўлаётган бу каби ўзгаришлар замирида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси турибди. Давлат раҳбарининг халқчил сиёсати туфайли давлат хизматчилари халққа тобора яқинлашмоқда. “Маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда. Қувонарлиси, бу ўзгаришлар изчил давом этмоқда.
Икром Аввалбоев, ЎзА