Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда ҳоким ёрдамчилари ташаббуси
11:24 / 2022-07-27

Қорақалпоғистон Республикасидаги барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари томонидан жорий йил ўтган 6 ойи давомида “ камбағаллик” ишлаш тизими доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, улар ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтган даврда 367907 та хонадон ўрганиб чиқилди ва хонадонларнинг ижтимоий иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб, 4 та тоифага ажратилди. Жумладан, ушбу хонадонларнинг 21,2 фоизи (78041 та) даромади кам, бироқ даромад топишга ҳаракат қилаётган биринчи тоифа хонадонлар ҳисобига, 47 фоизи (172790 та) доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагидаги иккинчи тоифа хонадонлар ҳисобига, 6,1 фоизи (22455 та) ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган учинчи тоифа хонадонлар ҳисобига, 25,7 фоизи (94621 та) иқтисодий аҳволи яхши бўлган тўртинчи тоифа хонадонлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Жорий йил 1 июль ҳолатига 12 минг 903 нафар фуқаро доимий, 6 минг 995 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 22 минг 125 нафари ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида расмийлаштирилиб, жами 42 минг 23 нафарининг бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномалари асосида 12 минг 11 та лойиҳага 313 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Ушбу  маблағларнинг 136,1 миллиард сўми қишлоқ хўжалиги, 104,6 миллиард сўми хизмат кўрсатиш, 2,8 миллиард сўми ҳунармандчилик, 36,4 миллиард сўми ишлаб чиқариш ҳамда бошқа лойиҳаларга йўналтирилди.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб бериш бўйича 1 минг 896 нафар фуқарога 5,8 миллиард сўмлик субсидия ажратилди. Ерларни ижарага бериш мақсадида умумий майдони 4 минг гектар бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари 9,3 мингта лотга бўлиниб, электрон танлов (аукцион)га чиқарилди. Аукцион натижаларига кўра, республика бўйича 11,8 мингта лот бўйича танлов ғолиби аниқланиб, фуқароларга 4,2 минг гектар ер майдони ажратилди.

Касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишларида ўқиш учун жами 8900 нафар фуқаро йўналтирилган бўлиб, бугунги кунда улар “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида ўқитилмоқда. Ўтган 6 ой давомида жами 4821 та, шундан 2130 та юридик ва 2691 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Республика вакиллари, шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, марказ бошлиқлари томонидан 3 та кичик ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш (қишлоқ хўжалиги лойиҳаларидан ташқари) лойиҳалари ишлаб чиқилди.

[gallery-8048]

Хусусан, 2022 йилнинг I чорагида жами қиймати 34,5 миллиард сўмлик 162 та лойиҳа, иккинчи чоракда жами қиймати 34,2 миллиард сўмлик 141 та лойиҳа амалга оширилди.

Шунингдек, Инвестиция дастурларига киритилмаган 884 та “маҳаллабай” микролойиҳаларнинг рўйхати шакллантирилиб, “онлайн маҳалла” платформасига киритилди, ижроси бўйича мониторинг ишлари йўлга қўйилди. Жорий йилда саноат, ҳунармандчилик ва касаначилик бўйича 12 та микромарказ ташкил этиш режалаштирилган.

– Ҳудудимизда 1128 та хонадонда 1399 оила истиқомат қилади, – дейди Нукус шаҳар “Жеке терек” маҳалла фуқаролар йиғинининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Мирас Тлеумуратов. – Фаолиятимни маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари билан ҳамкорликда ҳудуддаги оилаларни хатловдан ўтказишдан бошлаганман. Ҳозирда маҳалламизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, шунингдек ишлаш истагидаги ишсиз ёшларга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга иштиёқи бор фуқароларга зарур амалий ёрдам кўрсатяпмиз.

Ўрганишлар давомида ҳудуддаги кам таъминланган, ишсиз аҳолини рўйхатга олиб, ушбу оилаларнинг даромад манбаига эга бўлиши учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Фуқароларнинг кўпчилиги меҳнатга лаёқатли бўлганлиги туфайли уларнинг иш билан банд бўлиб, доимий даромад манбаига эга бўлишига ва оиласида қўшимча даромад олишига кўмаклашиш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Жумладан, ҳудудимиздан кредит олиш бўйича мурожаат қилган фуқаролардан 40 нафарига кредит ажратилди ва бу фуқаролар ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборди.  

Жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида Оролбўйида “маҳаллабай” ишлаш юзасидан савдо ва сервис йўналишида 42 мингта, ҳунармандчилик йўналишида 2,7 мингта, тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 27,7 мингта, жами 72,4 минг та иш ўрнини яратиш режалаштирилган.

Кам даромадли ва ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ишлари маҳаллалардаги аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш, 3-4 та маҳалла учун, камида 1 тадан маҳаллалараро чакана савдо ва хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш, шунингдек оғир маҳаллаларда танланган “етакчи” тадбиркорлар билан кооперация лойиҳаларини амалга ошириш орқали олиб борилади. Натижада, жорий йилда 1,6 минг аҳолининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган.  

Бундан ташқари, маҳаллаларда бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш, қурилиши тугалланмаган объектларда қурилиш ишларини якунлаш ва тадбиркорлик лойиҳаларини жойлаштириш, бўш турган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларини аниқлаш, уларни аукцион савдолари орқали тадбиркорларга сотилишини таъминлаб, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш назарда тутилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар ҳафта якуни билан “қониқарсиз” деб топилган маҳаллаларда мавжуд шароитларни яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги танқидий муҳокама этиб борилади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА