Сирдарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида доимий эътибор марказида турибди. Шу мавзуда Сирдарё вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 23 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар, уларнинг ижроси, шунингдек, 2025 йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, 2025 йилда аҳоли бандлигини ошириш, барқарор даромад манбаларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди. Йил якуни билан 170,2 минг нафар аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланиб, белгиланган йиллик режа 103 фоизга бажарилди.
Жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобига 19,1 минг нафар, тижорат банклари орқали 96,7 минг нафар, қишлоқ хўжалиги соҳасида 49,8 минг нафар ҳамда қурилиш йўналишида 4,4 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

– Бандлик ва аҳоли даромадини оширишда янги ёндашувлар муҳим аҳамият касб этди, – дейди тадбирда иштирок этган бошқарма бошлиғи ўринбосари Нурилла Маматқулов. – Хусусан, “Сайхунобод” тажрибаси асосида 10,2 мингта микро-лойиҳа ишга туширилиб, 20,7 минг нафар аҳолининг даромади оширилди. Шунингдек, 2,5 мингта хонадонга йилига 60–70 миллион сўм кафолатли даромад келтирадиган, жами 92,9 миллиард сўмлик “лойиҳа пакетлари” тақдим этилди.
Тижорат банклари томонидан ажратилган 4,7 триллион сўмлик кредитлар ҳисобидан 30 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Давлат дастурлари доирасида эса 1,1 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу билан бирга, ишсиз ва даромадини ошириш истагида бўлган 5,3 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.

Амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2025 йил якуни билан вилоятда ишсизлик даражаси 5,0 фоизгача пасайди. Йил бошида ушбу кўрсаткич 5,9 фоизни ташкил этган эди.
Камбағалликни қисқартириш йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, 2025 йил бошида “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 20,2 минг та оиланинг ўртача даромади 139 минг сўмни ташкил этган бўлса, ҳисобот даври якунида бу кўрсаткич 213 минг сўмга етиб, 1,5 баробарга ошди.
Йил давомида 14,1 мингта оиланинг даромадини оширишга қаратилган 27,4 мингта манзилли хизмат кўрсатилди. Жумладан, 11,5 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 10,1 минг нафари тадбиркорликка жалб этилди, 4,5 минг нафарга кредит ва субсидиялар ажратилди, 1 257 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.
Натижада 2025 йил бошидан буён реестрдаги 10,8 минг та камбағал оила, яъни 43,3 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Шу жумладан, 2 046 та оиланинг даромади 1–1,5 минимал истеъмол харажатлари даражасига етган, 2 045 та оиланинг даромади эса мазкур кўрсаткичдан ошиб кетган. Қатор оилалар кўчмас мулк ёки транспорт воситаси харид қилган бўлса, айримлари қайта баҳолаш натижасида реестрдан чиқарилди.
Шунингдек, вилоятда 55 та маҳалла камбағалликдан ҳоли ҳудудлар қаторига қўшилди. Камбағаллик даражаси 2025 йил якуни билан 6,2 фоизгача пасайди. Таъкидлаш жоизки, йил бошида бу кўрсаткич 11,3 фоизни ташкил этган эди.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар 2026 йилда ҳам изчил давом эттирилиб, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир оила кесимида манзилли ёндашув асосий устувор вазифа бўлиб қолади.
Тадбир сўнгида соҳа мутасаддилари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган масалалар юзасидан батафсил маълумот бериб, саволларга атрофлича жавоб қайтаришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири