Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида «Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги механизмлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Депутатлар, ЎзХДП Марказий кенгаши масъул ходимлари, Тошкент шаҳар Олмазор тумани «Олтинсой» МФЙ фаоллари иштирок этган мулоқотда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринларини яратиш борасида алоҳида тизим яратилди. 2023 йилда барча туманлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига қараб 5 тоифага ажратилди. Туманнинг қайси тоифага киритилганидан, яъни шароитидан келиб чиқиб, турли даражада енгилликлар бериш тартиби жорий этилди.

Давра суҳбатида Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди. Президентимиз ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Наманган вилоятининг Уйчи, Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида тажрибалар бошлангани, иқтисодий комплекс маҳаллага туширилгани ҳисобига 4 мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашганини таъкидлади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида йилига 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидия ажратилмоқда.
Давра суҳбати иштирокчилари ҳам аҳолини, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни алоҳида эътироф этдилар.
М.Комилова, ЎзА