Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли бандлигига кўмаклашишда қандай чоралар кўрилмоқда?
15:59 / 2024-08-06

Бугун парламент қуйи палатаси мажлисида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Мусаевнинг «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

— Жорий йилнинг биринчи ярмида «Сайхунобод», «Уйчи», «Ғиждувон» ва «Зарбдор» тажрибалари бошланиб, иқтисодий комплекс маҳаллага туширилгани ҳисобига 4 мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашди, 1 миллион 600 минг аҳоли расмий банд бўлди, — деди вазир. — Йил якунига қадар ушбу тажрибалар асосида 2 миллион 416 минг аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 9 январдаги тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бандлик дастури доирасида ташкил этилган иш ўринлари ва банд бўлган аҳолини онлайн режимда кузатиб бориш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базасига интеграция қилинган “yangiish.mehnat.uz” электрон платформаси ишга туширилди. Ушбу электрон платформа орқали жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда 2,9 млн. аҳолининг бандлиги таъминланган.  

Мажлисда қайд этилганидек, 2024 йилнинг январь-июнь ойларида бандлик бўлимларига 415 минг ишсиз фуқаролар мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 368,4 минг нафарига бандлик хизматлари кўрсатилган. Шунингдек, 8,1 мингта корхона ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган 26,7 минг буюртмаларга асосан 55,6 минг нафар банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган.  

2024 йилнинг дастлабки олти ойида эса 16,2 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган дастурга асосан 11,8 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашилган.  

Мажлисда депутатлар соҳада амалга оширилаётган ишларни эътироф этиб, хориждан қайтиб келган фуқароларнинг бандлигини таъминлашда меҳнат органларининг ўрни сезиларли даражада эмаслигини, улар фақат мониторинг қилиш билан чекланиб қолаётганини қайд этди. 

Шу билан бирга, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чораларини кўриш, шунингдек, ҳудудларда чет давлатлардан қайтиб келган фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.  

М.Комилова,

ЎзА