Навоий вилояти Хатирчи тумани 1-сектор ҳудудига қарашли “Новжа” маҳалласида туман ҳокимлиги, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бош бошқармаси ҳамкорлигида ёшлар, хотин-қизлар ҳамда ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 27 бюджет ташкилоти, 36 хусусий корхоналар ўзларидаги 260 га яқин бўш иш ўринлари ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотлари билан иштирок этди. Ярмаркага ташриф буюрган 200 нафар фуқаронинг 120 нафарини ишсиз хотин-қизлар ташкил этди. Унда тегишли масъуллар томонидан саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобига яратилган иш ўринлари бўйича маълумотлар ҳам берилди.
– Бугунги ўтказилаётган меҳнат ярмаркасига келдим, – дейди Улуғбек Мухторов. – Анчадан буён иш излаб юрган эдим. Бўш иш ўринлари билан танишдим. Ўзимга мос иш топиб ишга жойлашдим. Эндиликда меҳнат қилиб, оиламга фойдам тегишидан мамнунман.
Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида иштирок этган ишсиз фуқароларнинг 37 нафари корхона, ташкилот ва муассасаларга доимий ишларга жойлаштирилди. 10 нафари касбга қайта ўқитишга йўналтирилди ва 20 нафарига ўз-ўзини банд қилиши мақсадида субсидия асосида асбоб-ускуналар берилди. 6 нафар фуқарога имтиёзли кредит расмийлаштирилди.
А.Бўриев,
ЎзА