Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳмет Эрдоған: “Форум ҳар икки мамлакат мутахассислари учун фойдали бўлди, ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланади”
16:32 / 2022-04-22

Андижонда "Uzbekistan Andijan Fruit expo – 2022" форуми бўлиб ўтди. Унда Туркиядан келган қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, олимлар, вилоятда боғдорчилик, сабзавотчилик йўналишларида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари раҳбарлари, мевани қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналар вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида мева-сабзавотчиликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бу борада ўзига хос илғор тажриба шаклланганлиги таъкидланди. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов боғдорчилик, мева-сабзавотчилик соҳасидаги имкониятлар кенглиги, бироқ бу борада ҳали ўрганиш, амалга ошириш лозим бўлган ишлар кўплигини алоҳида қайд этди.  

– Ҳозирда Андижонда йилига 3 миллион тоннага яқин мева-сабзавот етиштирилмоқда, – дейди вилоят ҳокими. – Шундан мева 700 минг тоннани, сабзавот 1,7 миллион тоннани, картошка 400 минг тоннани, узум 60 минг тоннани, қолган қисмини бошқа маҳсулотлар ташкил этади. Минг афсуски, ўзимизда етиштирилган мева-сабзавотнинг атиги 7 фоизини қайта ишлаш имконига эгамиз. Ҳатто, маҳсулотимизни катта миқдорда музлатгичларда сақлаш имконияти ҳам чекланган. Бу мазкур йўналишда илғор, хорижий тажрибаларни ўрганишимиз, хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз кераклигини тақозо этади. Шу боис ҳам форум қишлоқ хўжалиги, хусусан, боғдорчилик, сабзавотчилик йўналишларида тажриба алмашиш, соҳага замонавий технологиялар, илм-фан ютуқларини жорий этиш, илғор иш услубларини ўрганиш ва оммалаштириш, ҳосилдорликни янада оширишга қаратилган ишларни юқори босқичга кўтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.  

Форумда туркиялик мутахассислар, қишлоқ хўжалиги компаниялари вакиллари ўзларининг мазкур йўналишдаги илғор технологиялари, турли жиҳоз, техника ва бошқа маҳсулотлари билан иштирок этганлиги уларнинг тажрибаларини ўрганиш, туркиялик қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини берди. 

Форумда кейинги йилларда Андижон вилоятида боғдорчилик, узумчилик, мева-сабзавот, пахта ва ғаллачилик соҳаларида эришилган натижалар бўйича маълумот берилди. Мамлакатимиз ва туркиялик мутахассисларнинг мавзу доирасидаги маърузалари тингланди, турли лойиҳаларнинг тақдимотлари ўтказилди.  
– Кластер ва фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам берувчи лойиҳа ва ишланмаларимизни таклиф этдик, – дейди Туркиядаги NAANBANJAIN корхонаси мудири Аҳмет Эрдоған. – Ишонаманки, таклифларимизга қизиқувчилар албатта бўлади. Умуман, мазкур форум ҳар икки мамлакат мутахассислари учун фойдали бўлди, ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланади.  

Иштирокчилар томонидан маърузалар, тақдимотлар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мева-сабзавотдан юқори ҳосил олиш, иқлим, тупроқ унумдорлигидан келиб чиқиб агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш, экспорт ҳажмини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

– Форум нафақат бизнесни, балки илм-фан ютуқларини соҳага татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашиш баробарида ҳам кенг имкониятлар эшигини очади, – дейди Туркиянинг Solitar Peyzach компанияси раҳбари Эйлем Коч. – Юртингиз, айниқса, Андижонда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлигига гувоҳ бўлдик. Ана шуларни ишга солиш кўп жиҳатдан илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишга боғлиқ. Ишонаманки, бу борадаги ҳамкорлигимиз ҳам ижобий самаралар беради. 

Форумда мева-сабзавотчилик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш билан бирга, Туркиянинг иқлим шароити, тупроғи деярли юртимизники билан ўхшаш эканлигини ҳисобга олиб ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди. Туркия компанияларининг боғдорчилик, умуман, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган техника ва жиҳозлари, ҳосилдорликни оширишга ёрдам берувчи маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. 

"Uzbekistan Andijan Fruit expo – 2022" форуми доирасида Туркия компаниялари билан бир қатор ҳамкорлик шартномалари имзоланди. 

[gallery-6769]


Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА