Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида иссиқхона хўжалигида агрохимикатдан тўғри фойдаланишни тарғиб қилишга қаратилган техник семинарлар ўтказди.
Бундан асосий мақсад инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун мавжуд хавфни камайтириш, шунингдек, аёл фермерларнинг фаол иштирокини таъминлашдан иборат.

Тадбир икки халқаро лойиҳа – Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддалар билан хавфсиз муомалани таъминлаш бўйича техник ёрдам” ва Корея Республикаси томонидан молиялаштирилган “Келажак авлодлар учун ақлли деҳқончилик” лойиҳалари доирасида амалга оширилди.
Иштирокчилар кимёвий воситалардан фойдаланишни камайтиришнинг самарали усули сифатида зараркунандаларга қарши интеграциялашган бошқарув ёндашувини муҳокама қилди.

Биламиз, аёллар қишлоқ хўжалиги ишчи кучининг 40 фоизидан ортиғини ташкил этиб, улар иссиқхона хўжаликларида зараркунандаларга қарши курашда фаол иштирок этади. Бироқ, кўплаб аёллар ҳимоя воситалари ва тегишли тренингларга тўлиқ кириш имконига эга эмас. Шу боис, мазкур семинарларда аёлларнинг тажриба ва фикрларига алоҳида эътибор қаратилди.

ФАО томонидан ташкил этилган анжуман давомида, шунингдек, деҳқонлар рухсат этилган кимёвий моддаларни аниқлаш, маҳсулот ёрлиқларини ўқиш, агрохимикатлардан тўғри фойдаланиш ва уларни сақлаш бўйича амалий билимларга эга бўлди. Уларга шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тартиблари ҳам ўргатилди.
Бир сўз билан айтганда, ФАО бу каби лойиҳалар орқали агрохимикатлардан тўғри фойдаланишни ўргатиб, гендерга инклюзив ёндашув асосида хавфсиз ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА