Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида “Agro Sanoati – AgroWorld Uzbekistan 2022” 17-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон, Австрия, Россия, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Италия, Қозоғистон, Хитой, Нидерландия каби 14 давлатдан 100 дан ортиқ компания ўз имкониятини намойиш қилмоқда.
Айтиш жоизки, қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири. У ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 28,5 фоизини ташкил этади. Бугунги кунда соҳада 4,2 миллион фуқаро меҳнат қилади.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова таъкидлаганидек, мазкур кўргазма чорвачилик, паррандачилик, ветеринария, сабзавот ва меваларни қайта ишлаш, ғалла сақлаш, иссиқхоналар каби соҳаларда замонавий технологияларни ва агротехниканинг энг сўнгги намуналари намойиш этаётган Ўзбекистон аграр саноатининг йирик халқаро тадбири саналади.
[gallery-6190]
– Кўргазма қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш билан шуғулланувчи корхоналар учун харид қилиш ва модернизация қилиш режаларини тузишда муҳим аҳамият касб этади, – деди О. Бобожонова. – Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича комплекс лойиҳалар мунтазам амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқадиган, соҳа мутахассисларининг ҳаёти ва меҳнатини енгиллаштирувчи янги технологиялар жорий этилмоқда. Бугунги кунда бу саноат учун муҳим кўргазма бўлиб, унда наслчилик ва деҳқончилик соҳасидаги сўнгги ишланмалардан тортиб, то якуний истеъмол маҳсулотини олишгача бўлган катта майдон яратилган. Кўргазмада 18 та маҳаллий компания иштирок этмоқда. Масалан, мамлакатимизнинг 56 та дон кластери Германия, Туркия ва Россия иштирокчилари билан учрашув ва музокаралар ўтказишни режалаштирган.
Кўргазмада нидерландиялик иштирокчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу галги намойишда улар сони 10 та ташкил этади. Улар паррандачилик фермалари жиҳозлари, парранда сўйиш ва қайта ишлаш ускуналари, тухум йиғиш, парранда гўштини қайта ишлаш тизимлари, сувни тежаш ва ресурсларни қайта тиклаш каби ускуналарини тақдим этмоқда.
– Биз бу кўргазмада кўп бор иштирок этганмиз, – деди Нидерландиянинг “VDL Agrotech” компанияси вакили Андрей Рева. – Биз ўз маҳсулотларимиз билан Ўзбекистон бозорида фаол қатнашиб келамиз. Компания боқувдаги паррандалар учун автоматлаштирилган ускуналар ва жиҳозлар ишлаб чиқаради. Тадбирда қатнашишдан мақсад маҳсулотларимиз тақдимотини ўтказиб, ишончли ҳамкорлар топишдир.
Бугун, яъни 17 мартда “Фермерлар куни” ташкил этилди. Унда фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва бош мутахассислари иштирокида учрашувлар бўлиб ўтди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири