Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“AgroWorld Uzbekistan – 2025”: 23 мамлакатдан 130 дан ортиқ компания ўз маҳсулотини намойиш этади
15:56 / 2025-03-07

Жорий йилнинг 11-13 март кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Агро саноати – AgroWorld Uzbekistan 2025” йигирманчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур тадбир ва иштирокчи компаниялар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 20 фоизини ташкил этади. Маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатлари таъминланган ва ўртача йиллик ўсиш 2,5 фоиздир.

Бугунги кунда мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда аҳолини асосий маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш агросаноат сектори корхоналари томонидан муваффақиятли ҳал этилмоқда. Экспорт ҳажми ҳам йилдан-йилга ошиб боряпти. Бу нафақат янги ҳосил, қуритилган мевалар ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш, балки хомашёни қайта ишлашдан тайёрланган маҳсулотлар туфайли ҳамдир.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси менежери Нодира Ҳайитбоеванинг сўзига кўра, бу каби натижаларга эришишда инновацион технологиялар ва илмий ишланмаларни жорий этиш, шунингдек, агросаноат мажмуасини ривожлантириш бўйича давлат сиёсати изчил амалга оширилаётгани муҳим роль ўйнамоқда.

–“AgroWorld Uzbekistan” – ҳар йили агросаноат ҳамжамиятининг диққат-эътибори ва қизиқишини ўзига тортадиган муҳим тадбирлардан бири. Бу йил кўргазма ўзининг 20 йиллигини нишонламоқда. У қишлоқ хўжалигидаги инновациялар ва замонавий трендларни тақдим этиш, ишлаб чиқаришга жорий этиш, маҳаллий бизнесни ривожлантириш ҳамда экспортни кенгайтириш учун ишончли платформа сифатида намоён бўлди. 2006 йилда ташкил этилганидан буён 43 мамлакатдан 1 846 компания иштирок этган. Ташкилотчиларнинг ижодий ёндашуви ва бозор эҳтиёжларини чуқур ўрганиши “AgroWorld Uzbekistan”нинг самарали концепциясини шакллантирди. Кўргазма қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барча йўналишларини бирлаштирган ягона майдон сифатида ишлаб чиқилган, – деди Н.Ҳайитбоева.

Матбуот анжуманида мутахассислар ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичлари, яъни қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва чорва ҳамда паррандаларни кўпайтиришдан тортиб, йиғим-терим, сўйиш, қайта ишлаш ва сақлашгача бўлган жараёндаги технологиялар билан танишиш имконига эга бўлиши қайд этилди.

Шундай қилиб, “Ўзэкспомарказ”нинг 1-павильонида дон ва омухта ем соҳалари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари, ўғитлар ва суғориш ускуналари ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини тақдим этади. 2-павильонда эса паррандачилик ва чорвачилик соҳасидаги янгиликлар, ветеринария соҳасидаги ечимлар ва ишланмалар намойиш этилади. Очиқ кўргазма майдонида қишлоқ хўжалиги техникаси намуналари – комбайн, мини-экскаватор ва тракторлар билан танишиш имконияти яратилади.

Бу йил кўргазмада 23 мамлакатдан 130 дан ортиқ компания иштирок этади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА