Жалақудуқ туманида бошоқли дон экин майдонларида занг ва бошқа касалликлар, бегона ўтлар ҳамда зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш, дала майдонларида фитосанитария ҳолатини барқарорлаштириш, мўл ҳосил олиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида ўтказилган семинарда мутахассислар, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда сўз олган вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Абдукарим Жалилов бошоқли дон экинларида учрайдиган занг ҳамда бошқа замбуруғли касалликлар, бегона ўтлар ҳамда зараркунандаларнинг эрта аниқланиши ва уларга қарши кураш чораларини ўз вақтида амалга ошириш муҳим ва мўл ҳосил гарови эканлигини алоҳида таъкидлади.

Амалий семинар давомида мутахассислар томонидан иштирокчиларга ғалла майдонларида мониторинг ишларини кучайтириш, касаллик ва зараркунандаларни эрта аниқлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ҳимоя воситаларидан белгиланган меъёрлар асосида фойдаланиш бўйича тушунтиришлар берилди.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга агроном, ўсимликлар карантини ва ҳимояси инспекторлари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Бу каби семинарлар вилоятнинг барча туманларида ўтказилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.