Кейинги кунларда юртимизда иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими ҳукм сурмоқда. Жазирама иссиқдан нафақат фуқаролар балки қишлоқ хўжалиги экинлари, яъни ғўзани ҳам асраш юзасидан қатор агротехник тадбирларни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Шу мақсадда “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят Вобкент тумани бўлими томонидан ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида жазирама иссиқ кунларда ғўзани асосан тунда шарбат усулида суғориш, сувни қаровсиз қолдирмаслик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ғўза майдонларида тупроқ намлигини 80 фоизда ушлаб туриш сингари долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ғўза ривожланишдан тўхтаб қолишининг олдини олиш юзасидан аномал иссиқ кунларда тунда суспензия орқали ишлов бериш, намликни ушлаб туриш учун ғўза суғорилгандан сўнг, ер етилгач зудлик билан култивация ишларини бажариш ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади, –дейди “Ўзагроинспекция”нинг Вобкент туман бўлими раҳбари У.Тиллоев. –Шу мақсадда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан сувчиларни резина этик, махсус кийим-бош ҳамда тунги ёритиш ускуналари билан таъминлаш, ҳар бир пахта майдони бошида “Дала уйлари”нинг аҳволи алоҳида назоратга олинди.

Июнь ойи давомида ғўза парваришида агротехник тадбирлар ижроси юзасидан жами 141 та назорат тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар давомида 38 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга тақдим этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.