Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолияти сарҳисоб қилинди
12:01 / 2025-12-13

Бугунги кунда республикамизда жами 365,5 минг гектар мевали боғ ва 207 минг гектар узумзорлар мавжуд. 2024 йилда ушбу майдонлардан мос равишда 3,4 миллион тонна мева, 2 миллион тонна узум ҳосили олинган.

Фермер хўжаликларидаги мевали боғларнинг 29 фоизи интенсив турга мансуб бўлиб, 18 фоизида томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилган. Умумий узумзорларнинг 61 фоизи сермаҳсул майдонлар ҳисобланиб, уларнинг 12 фоизида ресурс тежамкор суғориш тизимлари қўлланилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг “Ҳудудларда агрологистика марказларини ташкил этиш, интенсив мевачилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ҳамда мевали боғ ва узумзорларни барпо этиш, шунингдек, маҳсулот етиштирувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, Агентлик томонидан хорижий компаниялар ва молия институтлари билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Булунғур туманида Туронбанк билан ҳамкорликда 2000 гектар майдонда саноатлашган узумзорлар ташкил этилаётган бўлса, Қува туманида “Агроволтика” МЧЖ томонидан қуёш панеллари ўрнатилган 60 гектар интенсив узумзор барпо этилди.

Ахборотда қайд этилганидек, мамлакатимизда 1,4 миллион тонна қувватга эга 95 та агрологистика маркази фаолият юритмоқда. 2024 йилда 330 миллиард сўмлик 12 та янги марказ ишга туширилган.

Шу билан бирга, 2019 — 2025 йилларда жами 1 минг 555 та субъектга 469,6 миллиард сўм субсидия берилган. 

Муҳокамалар давомида депутатлар янги интенсив боғлар, токзорлар ва иссиқхоналар майдонларини кенгайтириш, айниқса, қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.

Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун агрологистика марказларини ташкил этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги урғуланди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА