Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида ўтган 2025 йил давомида агросаноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида 996 та назорат тадбири амалга оширилди. Натижада 10 та материал суд органларига юборилди, 60 та тақдимнома киритилди, 821 та ёзма кўрсатма берилди, 93 та маъмурий иш бўйича қарор қабул қилинди ҳамда 852 та огоҳлантириш хати расмийлаштирилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Сирдарё вилоят бошқармаси Гулистон тумани бўлими томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Таъкидланишича, инспекция фаолияти Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари асосида амалга оширилмоқда.
Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 13 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, барчаси қаноатлантирилди. Назорат тадбирларининг 114 таси текширув, 882 таси мониторинг шаклида ўтказилди.

Қишлоқ хўжалиги техникалари ҳолатини назорат қилиш йўналишида 298 та тадбир амалга оширилди. Натижада 225 та ёзма кўрсатма, 4 та тақдимнома, 60 та маъмурий қарор ва 279 та огоҳлантириш хати берилди. Давлат хизматлари доирасида 96 та давлат рақам белгиси, 538 та техник паспорт, 127 та техник гувоҳнома ва 78 та тракторчи-машинист гувоҳномаси расмийлаштирилди. Шунингдек, 80 та техника рўйхатдан ўтказилди, 60 таси рўйхатдан чиқарилди, 30 таси ҳисобдан чиқарилди ҳамда 877 та техника мажбурий техник кўрикдан ўтказилди.
Агротехник тадбирлар устидан назорат доирасида 366 та тадбир ўтказилиб, 355 та ёзма кўрсатма, 10 та тақдимнома ва 427 та огоҳлантириш хати берилди. Бир ҳолат бўйича материал судга юборилди. Уруғчилик соҳасида 60 та фермер хўжалигининг 1 515 гектар майдонида апробация тадбирлари амалга оширилиб, 13 та фермер хўжалигининг 295 гектар майдонидаги уруғлик майдонлари яроқсиз деб топилди. Ушбу йўналишда 241 та ёзма кўрсатма ва 49 та огоҳлантириш хати берилди.
Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш юзасидан 80 та ҳолатда текширув ва мониторинг ўтказилиб, 33 ҳолат бўйича қарор қабул қилинди, 3 та материал судга юборилди ҳамда 44 та тақдимнома киритилди.
Шунингдек, туман бўлими томонидан 147 нафар фуқаро ва тадбиркор қабул қилиниб, ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий ёрдам кўрсатилди. 28 та юридик шахсга кўмаклашиш натижасида 4 та хўжалик 1,15 тонна ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, 7 та хўжалик 18,3 тонна минерал ўғит билан таъминланди, 2 та хўжаликка 17 миллион сўм кредит ажратилишига кўмаклашилди. Бундан ташқари, 18 та хўжаликка 514,3 гектар майдонда агротехник тадбирларни амалга ошириш учун техникалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, амалга оширилган ишлар агросаноат мажмуасида қонунийликни мустаҳкамлаш, фермер ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Келгусида ҳам ушбу йўналишда тизимли ва манзилли ишлар изчил давом эттирилиши маълум қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири