Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганлиги аниқланди
15:49 / 2022-08-26

Бизнес-омбудсман томонидан Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва унинг қуйи тизимларида ўтказилган ўрганишларда улар томонидан 1 минг 44 ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, 815 ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик талаблари бузилган. Бундай камчиликларга инспекциянинг Жиззах, Сирдарё, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги ходимлари томонидан йўл қўйилган.

Инспекциянинг Хоразм вилояти Урганч тумани бўлими ходими томонидан “Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими”да рўйхатдан ўтказмасдан 2022 йил 29 март куни “Қувондиқ Сардор Салимбой” фермер хўжалигида текшириш ўтказилган. Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда 198 та ҳолатда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган.

Шунингдек, “Андижон дон маҳсулотлари” АЖнинг 26.10.2021 йилдаги мурожаатига инспекциянинг Андижон вилояти бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганиш ўтказилган кунга қадар жавоб берилмаган. 31 та ҳолатда тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда қонунчилик талаблари ва белгиланган муддатларга амал қилинмаган. Қайд этилган камчиликларга йўл қўйган 142 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Шу билан бирга, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олиш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши юзасидан тақдимнома киритилди.

М.Тошқораева, ЎзА