“НКМК жамғармаси” давлат муассасаси тасарруфидаги кўп тармоқли “Дўстлик” агрофирмаси комбинат ва унинг барча корхоналарини сифатли қишлоқ хўжалиги ҳамда чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.
Агрофирма бундан роппа-роса 65 йил муқаддам, 1959 йилда 270 гектар майдонда мева-сабзавотчилик ва сут ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган давлат хўжалиги сифатида ташкил этилганди. 1965 йилда Навоий (ҳозирги Кармана) туманининг Маликработ массивида ирригация-мелиорация тизимига эга 2000 гектардан ортиқ экин ери, механизация парки ва ишчи-хизматчилар учун турар-жойлар, боғча ва мактаб инфратузилмалари мавжуд давлат қишлоқ хўжалиги корхонасига асос солинди. Ўтган давр мобайнида эса агрофирма нафақат комбинат, балки Навоий вилояти, қолаверса, мамлакатимиздаги йирик ва кўптармоқли замонавий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш субъектига айланди.

– 1972 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган цехда 240 тонна мева ва сабзавотларни қайта ишлаб, йилига 600 минг шартли консерва банка ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтда бу ерда ҳар йили 500-600 тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, – дейди агрофирма директори Расул Ҳусенов. – 2000 йилда эса цехда “Дой-Пак” типидаги пакетларга замонавий технологиялар асосида шарбат қадоқлаш тизими жорий этилди. Шунингдек, 1982 йилда қорамолчилик, паррандачилик, қўйчилик ва балиқчиликни ривожлантиришга ихтисослаштирилган чорвачилик комплекси қурилиб, ишга туширилди. 1999 йилда чорвачилик комплекси тасарруфида қўйчилик бригадаси ташкил қилиниб, 450 бош қўй олиб келинди. Бугунги кунга келиб, уларнинг сони 7 минг бошдан ошган. 2002 йилда наслли қорамоллар фермасига асос солиниб, 215 бош “Қизил чўл” наслли ёш моллар олиб келинди.
1996 йилда “Дўстлик” агрофирмаси номини олган хўжаликда маҳсулот ишлаб чиқариш кўламлари ва турлари кенгайтириб борилди. 2004 йилда суткасига 5 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга цех қуриб ишга туширилди. Ҳозирги кунда цехда йилига 1000 тоннадан ортиқ 9 турдаги тайёр сут маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Орадан бир йил ўтиб, голланд пишлоғи ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилди ва бугунга келиб, йилига 30 тонна “Эдем” пишлоқ тури ишлаб чиқарилмоқда.

2006 йилда қорамолчилик фермасига наслчилик хўжалиги мақоми берилди. Дунёда сут йўналишидаги энг маҳсулдор Гольштин зотини минтақамизда районлаштириш мақсадида қизил-ола тусли насл танланди ва ҳозирда 70 фоиздан ошиқ насли яхшиланган подага эришилди. 2009-2010 йилларда ҳукуматимиз топшириғи асосида чет элдан 460 бош наслли ёш қорамоллар олиб келинди.
Дастлабки йилларда ишга туширилган замонавий технологияли паррандачилик фермасида 30 минг бош тухум олинган бўлса, айни вақтда бу ерда йилига 8 миллион дона тухум ишлаб чиқарилмоқда. 2012 йилда паррандачилик фермасида қўшимча равишда катак усулида бройлер жўжа боқиш технологияси ва қушхона жорий этилди ҳамда йилига 150 тонна парранда гўшти етиштирилишига эришилди.

– Агрофирмада боғдорчилик ҳам ҳар жиҳатдан ривожлантирилмоқда, – дейди “НКМК жамғармаси” ДМ Бош директори Дилшод Очилов. – 2015 йилда Нурота туманида механик экиш усулида 100 гектар майдонда томчилаб суғориш тизимига асосланган интенсив мевали боғ барпо этилди. Шунингдек, Нурота участкасида қўшимча томчилаб суғориш усулида 3 гектар ёнғоқзор ҳамда “Дўстлик” ўсимликчилик участкасида 1 гектар мевали интенсив боғ барпо этилди. Хўжаликда иссиқхона хўжалиги ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда 1 гектарга яқин иссиқхона фаолияти йўлга қўйилиб, унда томчилаб суғориш тизими жорий этилган. Олимлар билан ҳамкорликда иссиқлик ва ҳаво алмаштириш тизимли “Ақлли иссиқхона” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ерда бодринг, помидор, кўкат, лимон кўчатлари етиштирилиб, 15 нафар киши иш билан таъминланган. Шунингдек, саноат ҳудудининг бўш турган очиқ майдонларида кичик иссиқхоналар ташкил этилиб, кўчатчилик йўлга қўйилган ҳолда 40 минг туп нина баргли, 100 минг туп декоратив, гул кўчатлари ва кўкатлар ўстирилмоқда.

Якунига етиб бораётган 2024 йилда “Дўстлик” агрофирмасида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, соғим сигирларнинг сут бериш маҳсулдорлик кўрсаткичларини назорат қилиб бориш мақсадида соғим зали учун сут ўлчагичлар ўрнатилди. Сутни қайта ишлаш цехида қуруқ сутдан қўшимча сут хом ашёси ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўл қўйилди. Ҳозирда пода наслини яхшилаш ва сут маҳсулдорлигини ошириш мақсадида маҳсулдорлиги юқори бўлган наслли соғим сигирларни харид қилиш бўйича ишлар якунига етказилмоқда. Айни пайтда агрофирма шароитида мавжуд бинолардан самарали фойдаланиш мақсадида инкубатор қурилмаси орқали жўжа чиқариш йўлга қўйиш лойиҳаси амалга ошириляпти.
Олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида “Дўстлик” агрофирмаси кўп тармоқли, қарийб 600 иш ўрнига эга йирик ва замонавий хўжаликка айланиб, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири