English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Агродронлар бўйича янги лойиҳа муҳокама қилинди
22:17 / 2025-07-08

"Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур", дейилади халқимиз мақолида. Бугун қайси соҳада бўлмасин, замонавий технологияларнинг кўмагисиз тараққиётини тасаввур этиб бўлмайди. Бу, айниқса, инсоният яхши яшаши учун бел боғлаб, чин маънода хизмат қилаётган қишлоқ хўжалиги соҳасидир.

8 июль куни қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев Хитойнинг «Skyworks» компанияси вице-президенти Зҳенг Қингчуан билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистонда учувчисиз учиш технологияларини ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.

Учрашув аввалида вазир ўринбосари Хитой билан икки томонлама алоқалар изчил ривожланаётгани, хусусан, уруғчилик ва рақамлаштириш соҳаларида самарали лойиҳалар йўлга қўйилганини таъкидлади.

«Skyworks» компанияси Хитойнинг етакчи технологик инвесторларидан бири ҳисобланади. Компания дронлар ишлаб чиқариш, уларни амалиётда қўллаш бўйича комплекс ечимларни таклиф этади. Шу билан бирга, компания Пекин аэрокосмик университети ҳамда 40 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилади.

Мулоқот давомида томонлар қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилиш таклифларини илгари сурди. Жумладан, Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш ва малака баҳолаш тизимини жорий этиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Томонлар билдирилган таклифларни чуқур таҳлил қилиб, яқин келажакда амалга ошириладиган ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва аниқ таклифлар пакетини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

А.РУСТАМОВ, ЎзА