2020 йилнинг ўтган даврида “Агробанк” ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларининг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш учун 5,5 триллион сўм инвестиция кредитлари ажратди.
Бу маблағнинг 25 фоизи саноатга, 22,1 фоизи қишлоқ хўжалигига, 24,8 фоизи ижтимоий таъминот ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бошқа соҳаларга йўналтирилди.
Бу ҳақда “Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда хорижий кредит линияларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Жорий йилда банк кўпгина йирик инвестиция лойиҳаларга маблағ ажратган. Мисол учун, Андижон вилоятидаги “EMERY PHARMA” МЧЖга қиймати 8,5 миллион долларлик, йилига 3,2 миллион доллар миқдоридаги 180 миллион дона шприц ва 57 миллион дона инфузион фармацевтик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳасига 5,7 миллион доллар кредит ажратилди. 2021 йилда ишга тушадиган корхонада 65 та янги иш ўрни яратилади, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 30 фоизи ёки 1 миллион доллари МДҲ давлатларига экспорт қилинади.
Хоразм вилоятидаги “GURLAN EXPORT” МЧЖнинг эса қиймати 142,8 миллиард сўмлик, йилига 14,5 миллион доллар миқдоридаги 3200 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳасига 10,2 миллион доллар кредит ажратилди. Бу лойиҳага кўра 100 та янги иш ўрни яратилади ва маҳсулотнинг 70 фоизи экспорт қилинади.
Калава-ип ва тўқимачилик, тикув-трикотаж саноати йўналишида Сирдарё вилоятидаги “GULISTAN GOLD YARN”, Андижон вилоятидаги “SAYYORA FAVVORASI” XK, Сурхондарё вилоятидаги “Термез Нейшонал Карпетс” МЧЖнинг лойиҳаси ҳам ана шундай самарали бўлиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида Агробанкнинг халқаро молия иститутлари ва хорижий банклар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва кредит линия маблағларини жалб этиш борасидаги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, Агробанк 26 тадан ортиқ халқаро молия институтлари ва хорижий банк ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. Германиянинг “Коммерцбанк”и, “Юникредит банки”, “ДЗ банки” ва “Ландесбанк”, Австриянинг “Райфайзен банк”, Жанубий Кореянинг “КЭБ Хана банк”и шулар сирасидан.
Қайд этиш керакки, хорижий кредит линияларни жалб қилиш бўйича Агробанкнинг кўрсаткичлари йилдан йилга ошиб бормоқда. 2018 йилда 30 миллион доллар миқдорида кредит линия маблағлари жалб қилинган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 100 миллион долларни ташкил этган.
Жорий йилнинг 11 ойида эса 212,3 миллион доллар миқдорида маблағлар жалб қилинди ва ушбу маблағлар ҳисобидан 160 тадан ортиқ инвестиция лойиҳалари молиялаштирилди. Жумладан, Швейцариянинг Кредит Сиус банкидан 59,2 миллион доллар, Хитой давлат тараққиёт банкидан 40 миллион доллар, Россиянинг Промсвязьбанк ва Совкомбанкларидан 36,1 миллион доллар, Туркиянинг Зираат банкидан 20 миллион доллар, Германиянинг Ландесбанк Баден-Вутембергдан 19,9 миллион доллар миқдорида маблағлар жалб қилинди.
Айни вақтда банк Савдони молиялаштириш ҳалқаро Ислом корпорациясидан 10 миллион доллар миқдорида савдони молиялаштириш кредит линиялари жалб қилиш бўйича шартнома имзолади.
Матбуот анжуманида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида Агробанк ҳам юртимиз иқтисодиётини янада тараққий эттириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этиши маълум қилинди. Шунингдек, аҳоли ва мижозлар учун қулай бўлган инновацион, интерфаол ва электрон банк хизматларини янада ривожлантириш йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаверади.
ЎзА