“Агробанк” АТБ Бош офисида банк Бошқаруви, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир давомида “Агробанк: 2025 йил фаолияти якунлари ва 2026 йил учун устувор вазифалар” мавзусида тақдимот намойиш этилди.
Қайд этилишича, 2025 йил “Агробанк” АТБ учун барқарор ўсиш, тизимли трансформация ва рақамли молиявий хизматларни жадал ривожлантириш даври бўлди. 2025 йил якунларига кўра, банк активлари 103,6 трлн сўмга етди. Кредит қўйилмалар ҳажми 81,1 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 21,6 трлн сўмга ёки 136 фоизга ўсди. 2025 йил давомида жами 42,2 трлн сўм кредит ажратилди. Уларнинг 23,1 трлн сўми микро, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилди. Банк мижозлари сони 7,4 миллион нафарга етди.
Депозитлар ҳажми 32,5 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 13,3 трлн сўмга ўсди. Аҳоли омонатлари ҳажми 15,9 трлн сўмга етди. Бу банкка бўлган ишонч даражасининг ошганини кўрсатади.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида кредит ажратиш жараёнлари тубдан қайта кўриб чиқилган.
2025 йилда жисмоний шахсларга 2,5 миллион дона банк картаси эмиссия қилиниб, 12,7 трлн сўм чакана кредит ажратилди. Шундан 2,8 трлн сўми ипотека кредитларига тўғри келади. Чакана кредит портфели ҳажми 11,1 трлн сўмга етди. 2025 йилда мамлакатда етиштирилган пахта хом-ашёсининг 80 фоизи ва бошоқли дон ҳосилининг 95 фоизи Агробанк томонидан молиялаштирилди. Пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш учун жами 15 трлн сўм имтиёзли кредит ажратилди.
[gallery-27475]
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш доирасида 2025 йилда 2,4 трлн сўм йўналтирилди. Фермер хўжаликларининг ички суғориш насос агрегатларини қуёш панеллари билан таъминлаш учун қарийб 1 трлн сўм маблағ ажратилди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида банкка бириктирилган 1 759 та маҳаллада 5,3 трлн сўм кредит ажратилиб, 501 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди.
Бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида трансформация жараёнлари давом эттирилиб, 2025–2029 йилларга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди. “Мижозга йўналтирилган банк” концепцияси асосида “Kaizen” ёндашуви жорий этилди. Ижтимоий лойиҳалар доирасида “Agrobooks” ташаббуси асосида сувдан оқилона фойдаланишга бағишланган 30 та методик қўлланмадан иборат “Сув китоби” тўплами ишлаб чиқилиб, 5 минг нусхада нашр этилди ва фермерларга бепул тарқатилди.
ПҚ–57-сонли қарор ижроси доирасида “Uzun Agro Star” ва “Baxmal Agro Star” МЧЖлари ташкил этилди. Интенсив боғлар учун кўчатлар Agro In-vitro лабораториясида етиштирилиб, ҳудудларга босқичма-босқич етказиб берилмоқда.
Бугунги кунда банкнинг “ягона хизмат кўрсатиш тизими” орқали мижоз ҳақидаги 30 га яқин маълумот инсон омилисиз, автоматик тарзда электрон ҳукумат тизимларидан олинмоқда. Кредитлаш жараёнларини тезкор амалга ошириш мақсадида автоматлаштирилган кредит конвейери жорий этилди. Барча кредит ҳужжатлари электрон тарзда имзоланиб, қарор қабул қилиш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди.
Юридик шахсларга масофавий банк хизматлари кўрсатиш мақсадида “Agrozamin biznes” мобил иловаси ва веб-платформаси ишлаб чиқилди ҳамда босқичма-босқич жорий этилмоқда. 2025 йилдан банкда Agile трансформация жараёнлари бошланди. Бу орқали мижозлар эҳтиёжларини доимий ўрганиш ва банк маҳсулотларини мунтазам такомиллаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, 2025 йилда банкда “Сунъий интеллект лойиҳа офиси” ташкил этилди. У банк фаолияти ва қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришга қаратилган.
2026 йилда иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 56,2 трлн сўм кредит ажратиш режалаштирилган. Шундан 23 трлн сўм микро, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилади. Шунингдек, хорижий банклар ва молия институтларидан 600 млн АҚШ доллари маблағ жалб қилиш, ҳудудий дастурлар доирасида 579 та лойиҳа учун 116,3 млн АҚШ доллари кредит ажратиш режалаштирилган. “Маҳаллабай” тизими доирасида 1 759 та маҳаллада 2,8 трлн сўм кредит ажратилиб, 210 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланади.
Қишлоқ хўжалигида Узун туманида 50 гектар майдонда хурмо ва анжир, Бахмал туманида эса 123 гектар майдонда олма ва нок етиштиришдан тортиб, экспортгача бўлган барча босқичларни қамраб олган замонавий агрокомплекслар ташкил этилади. 2026 йилда жисмоний шахсларга 750 минг дона банк картаси эмиссия қилиниб, 14 трлн сўм чакана кредит ажратилади. Шундан 4,2 трлн сўми ипотека кредитларига тўғри келади.
Сув тежовчи технологиялар ҳамда ички суғориш насос агрегатларига қуёш панелларини жорий этиш учун 2,6 трлн сўм кредит йўналтирилади. “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида 141 та туманда 3,5 минг гектар майдонда замонавий сув тежовчи технологиялар қўлланиладиган тажриба майдонлари ташкил этилади.
Келгусида пахта ва бошоқли дон экинларининг ҳолатини мониторинг қилишда анъанавий усуллардан босқичма-босқич космик суратлар ва дронлар ёрдамида масофавий мониторинг тизимига ўтилади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамли маҳсулотларни кенгайтириш, сунъий интеллект ва big data технологиялари асосида янги хизматларни ишлаб чиқиш 2026 йилда ҳам Агробанкнинг устувор вазифаларидан бўлиб қолади.
Агробанк келгусида ҳам молиявий хизматлар сифатини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган фаолиятини изчил давом эттиради.
Матбуот анжумани сўнгида банк масъуллари журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
Шаҳноза Маматуропова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА