Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аграр ва озиқ-овқат соҳалари учун субсидия ажратиш тизимини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, аграр ва озиқ-овқат соҳалари учун субсидия ажратиш тизимидаги мавжуд бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.
Қарорга мувофиқ, барча турдаги субсидиялар «2+1» тамойили асосида жорий этилади. Яъни, субсидия дастлабки икки йил давомида тақдим этилиши белгиланган. Агар бу даврда баҳолаш натижалари бўйича самарадорлик кўрсаткичлари ижобий деб топилса, субсидиянинг амал қилиш муддати қўшимча бир йилга узайтирилади.
Шунингдек, қарорда тақдим этилган субсидиялардан мақсадсиз фойдаланилганда, субсидияларни қўллаш шартларига риоя этилмаганда, субсидия олиш учун сохта ҳужжатлар тақдим этилганда, субсидиялар улар ажратилган кундан бошлаб Марказий банкнинг асосий ставкасида ҳисобланган фоиз тўловлари (пеня) билан субсидия олувчилардан қайтариб олиниши ва бунда ҳисобланган фоиз тўловлари (пеня) миқдори берилган субсидия миқдорининг ярмидан кўп бўлмаслиги ҳам белгилаб берилган.
Қарорга кўра, аграр ва озиқ-овқат соҳаларини субсидиялаш – субсидияларнинг янги турларини жорий этиш, мавжуд агросубсидияларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва айрим турларини бекор қилиш;
агросубсидия олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар, уларни кўриб чиқиш ва хулоса бериш;
агросубсидияни ажратиш ва унинг ажратилиши бўйича ҳисобот ҳамда мониторинг юритиш тартиби;
агросубсидияларнинг ажратилиши ҳамда улардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш тартибини белгиловчи низом кучга киради.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузурида ташкил этиладиган Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини субсидиялаш бўйича техник ишчи гуруҳ таркиби ҳам тасдиқланди.
Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари:
аграр ва озиқ-овқат соҳаларини субсидиялашнинг устувор йўналишларини белгилаш, агросубсидиянинг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш, самарадорлиги паст бўлган субсидия турларини бекор қилиш ва янги турларини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
тасдиқланган дастур ва “йўл хариталари”нинг ижроси бўйича масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ҳисоботларини жамлаш ва таҳлил қилиб боришдан иборат.
Агросубсидияларни тақдим қилишни давом эттириш ёки тақдим қилишни тугатиш, янги турдаги субсидияларни жорий қилиш Техник ишчи гуруҳнинг хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.
ЎзА