Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аграр университетида сунъий интеллект бўйича таълим дастурини очиш таклиф этилди
11:16 / 2025-10-28

Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари барча соҳа ва тармоқларда кенг қўлланилмоқда. Маълумки, 21 октябрь куни Президентимиз раислигида давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бу борада қатор вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, ушбу технологиялар кўпгина соҳаларда самарали натижаларни қўлга киритишга хизмат қилади. Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам сунъий интеллектни қўллаш сув ва ўғит сарфини оптималлаштириш, ҳосилдорликни таҳлил асосида бошқариш ҳамда меҳнат унумдорлигини бир неча баробарга ошириш имконини беради.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев Малайзиянинг “Meraque Group Sdn Bhd” компаниясининг Бош ижрочи директори Моҳаммад Разали Исмаил билан видео-конференцалоқа шаклида мулоқот ўтказди. Унда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, аграр соҳада илғор рақамли технологияларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шу жумладан, сунъий интеллект имкониятларини қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Муҳокамада Тошкент давлат аграр университетида сунъий интеллект йўналиши бўйича янги таълим дастурини очиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, соҳа ходимлари ва ёш мутахассислар учун малака ошириш ҳамда амалий ўқув дастурларини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида рақамли трансформацияни жадаллаштириш, инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди. Келгусида ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш, қўшма лойиҳалар доирасида аниқ йўналиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш бўйича навбатдаги мулоқотларни ўтказиш режалаштирилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА