Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аграр тармоқдаги янгиликлар ва илмий изланишлар муҳокама қилинди
15:03 / 2023-06-01

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Қишлоқ хўжалиги соҳаси тармоқларида илмий ёндашувни таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати маълум қилди.

Давра суҳбатида сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, фан, таълим ишлаб чиқариш интеграцияси борасида бажарилаётган ишлар, таълим даргоҳида аграр тармоқда янгиликларни жорий қилиш борасида фаолият олиб бораётган олимлар изланишлари ҳамда соҳадаги камчиликлар ечимига алоҳида эътибор қаратилди. 

– Бугунги кунда бирон соҳа ривожини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин, – деди қўмита аъзоси Шерзод Раҳимов. – Айниқса, қишлоқ хўжалигида ҳам фундаментал тадқиқотларсиз, уларнинг амалиётдаги синови натижаларисиз ютуқларга эришиб бўлмайди. Шу боис, бугунги кунда докторантлар, таянч докторантлар, мустақил тадқиқотчилар, магистрлар ва талабалар томонидан илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда қайд этиш лозимки, аграр тармоқларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Соҳа вакилларига қатор имтиёз ва енгилликлар тақдим этилмоқда.  

Шунингдек, давра суҳбатида Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясининг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда соҳага доир қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар ҳақида маълумотлар берилди.  

Суҳбатдан сўнг, депутатлар ўқув жараёнлари ҳамда институт қошидаги Қишлоқ хўжалигида инновацион ишланмалар ва маслаҳат марказида амалга оширилган ишлар билан танишди.  

М.Комилова, ЎзА