Ўзбекистон фермерлари кенгашининг навбатдаги Раёсат йиғилишида аграр соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал татбиқ этиш вазифалари белгилаб берилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинган бўлиб, шу асосда “Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси” амалга оширилмоқда. Натижада, сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилаб, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.

Фермерлар кенгаши тизимидаги ташкилотлар идоралараро агро маълумотлар платформасидан фойдаланишни бошлади. Ҳозирда ходимлар ушбу тизим орқали маълумотларни янгилаш ва таҳлил қилишни йўлга қўйган. Яқин вақт ичида соҳа ходимлари учун сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқув курслари ташкил этилиши режалаштирилган.
Йиғилишда, шунингдек, Президентимизнинг бир қатор муҳим ҳужжатларидан келиб чиқиб, фермерлар кенгаши тизимида амалга оширилаётган ишлар натижалари муҳокама этилди. Жумладан, “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастури, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича қарорлар ижроси таҳлил қилинди.

Шу жараёнда вилоят ва туман фермерлар кенгашларига юклатилган вазифаларни самарали бажариш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг рақамли билим ва малакасини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Қисқаси, фермер соҳаси рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш орқали янги босқичга кўтарилади. Бу орқали аграр соҳада самарадорлик ошади, ресурслар тежалади, ишлаб чиқариш жараёнлари автоматлаштирилади ва фермерлар учун янада қулай муҳит яратилади.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши — инновация, рақамлаштириш ва барқарор ривожланиш сари дадил қадам ташламоқда.
Ж.Рахманов,
Ўзбекистон фермерлари кенгаши
Матбуот хизмати раҳбари