Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермерлар учун яратилаётган қулайликлар, шунингдек, молиявий механизмларни модернизация қилиш борасидаги ишлар салмоғи ошмоқда. Агросоҳада рақамлаштириш жараёнлари, замонавий ахборот тизимлари ва мониторинг механизмлари шаклланди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича барқарор ривожланиш масалалари директори Самеҳ Ваҳба ўртасида бўлиб ўтган учрашувда айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг таълим, кооперация, рақамлаштириш ва илмий-тадқиқот йўналишлари бўйича устувор масалалар кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, учрашув аввалида Жаҳон банки билан амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурларнинг жорий ҳолати таҳлил қилинди, уларни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, кооперациялар фаолиятини кучайтириш, субсидияларни адолатли тақсимлаш, логистика тизимини такомиллаштириш каби комплекс масалалар бўйича фикр алмашилди.
Шу билан бирга Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, илмий-тадқиқот институтлари ва тажриба станцияларини ривожлантиришга қаратилган истиқболли режалар кўриб чиқилди. Томонлар аграр соҳада ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, мавжуд лойиҳаларни чуқурлаштириш ҳамда янги ташаббусларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни белгилаб олди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА