Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аграр соҳада италиялик ҳамкорлар билан алоқалар кенгаймоқда
12:47 / 2025-12-24

Президентимизнинг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Италияга хизмат сафари амалга оширилди.

Хизмат сафари давомида БМТ Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (IFAD) минтақавий директори Н. Телаҳигуе билан учрашув ўтказилди.  

Унда ўзбекистонлик давлат хизматчиларининг IFAD тизимида стажировка ўташи ва ишга қабул қилиниши бўйича битим имзоланди. Шу билан бирга, Сурхондарё вилоятида “Афғон шамоли”га қарши 66 километрлик “яшил белбоғ” барпо этиш лойиҳаси учун грант, Бухоро ва Наманган вилоятларида қуёш панеллари асосида ишлайдиган сувни тежовчи суғориш тизимларини жорий этиш учун имтиёзли маблағ жалб этилади.

Бундан ташқари, Сирдарё, Сурхондарё, Наманган ва Бухоро вилоятларида “рақамли қишлоқлар” пилот лойиҳасини амалга ошириш ҳамда IFAD билан доимий ишчи гуруҳ тузишга келишилди.

IFADнинг Тошкентдаги Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси билан қўшма лойиҳалар йўлга қўйилади. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида лойиҳа офиси ташкил этилади.

Маълумотларга кўра, IFAD томонидан “Агробизнес ечимлари” лойиҳасини 2026 йилдан амалга ошириш режалаштирилган.  

Шунингдек, сафар доирасида Италия қишлоқ хўжалиги бош конфедерацияси (Confagricoltura) президенти ва аъзолари бўлган компаниялар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги маълумотида.

Confagricoltura президенти М.Жиансанти ҳамда уюшмага аъзо 15 та компания вакиллари билан учрашувда Наманган вилояти, Бухоро вилояти ва Сурхондарё вилоятининг инвестиция салоҳияти тақдим этилди.

Учрашув якунларига кўра, Италия навлари асосида органик усулда помидор етиштириш ва қуритиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилди. Хусусан, Наманган вилоятига “Bonifica Ferrarizzi” компанияси инвестиция киритишга тайёрлигини билдирди.

2026 йил март ойида Confagricolturaга аъзо 20 дан ортиқ Италия аграр компанияларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, улар иштирокида истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишилди.

А.РУСТАМОВ,  

ЎзА