French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аграр соҳада инновация ва ислоҳотлар
13:02 / 2026-02-19

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ўрганиш, инновацион лойиҳалар ижроси ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш жараёнлари билан бевосита танишиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлди.

Вазир Ғиждувон туманида жойлашган “Бухоро агрокластер” МЧЖга қарашли 8 сотих майдонда барпо этилган замонавий иссиқхона мажмуасини кўздан кечирди. У ерда қишлоқ хўжалигида юқори самарадорликка эга инновацион технологияларни жорий этиш, селекция ишларини илмий асосда ташкил қилиш ҳамда юқори ҳосилдор навларни синовдан ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан атрофлича танишилди.

Шунингдек, жамият таркибида фаолият юритаётган сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқариш ва сервис хизматлари кўрсатиш корхонаси фаолияти ҳам вазир томонидан ўрганилди. Мазкур корхона йиллик қуввати жиҳатидан 10 минг гектар майдонни қамраб оладиган томчилатиб суғориш, сувни тежашга қаратилган замонавий тизимлар билан таъминлаш имкониятига эга. Ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланилаётган хом ашё асосан Россия Федерациясидан импорт қилинади.

Айни пайтда корхонада 23 нафар малакали мутахассис ва ишчи-ходимлар фаолият юритиб, нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш, балки фермер хўжаликларига мавсумий сервис хизматлари кўрсатиш, тизимларни ўрнатиш, техник хизмат кўрсатиш ва самарали эксплуатация қилиш ишларини ҳам амалга оширмоқда. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Вазир корхона фаолиятини чуқур таҳлил қилар экан, вилоят фермер хўжаликларини сув тежовчи технологиялар билан янада кенг қамраб олиш, хизматлар сифатини ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини босқичма-босқич кенгайтириш, шунингдек, инновацион ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича қатор муҳим тавсия ва кўрсатмалар берди.

Ташриф давомида МЧЖга қарашли уруғлик чигит тайёрлаш корхонаси фаолияти билан ҳам танишилди. У ерда уруғлик чигитни тайёрлаш технологиялари, сифат назорати тизими, саралаш жараёнлари ҳамда сақлаш инфратузилмаси ўрганилди. Бу йўналишда юқори сифатли уруғлик базасини шакллантириш келгуси ҳосилдорликнинг асосий кафолати экани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, агрокластернинг машина-трактор парки кўздан кечирилиб, мавсумга тайёргарлик даражаси, техникаларнинг ишчи ҳолати, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш ишлари таҳлил қилинди. Хусусан, Шинжон агротехнологияси асосида ишловчи замонавий чигит экувчи сеялкалар, плёнка йиғувчи махсус техникалар ҳамда юқори самарадор агрегатлар намойиш этилди.

Мазкур иссиқхонада хорижий ва маҳаллий селекция асосида яратилган истиқболли пахта навлари тажриба-синов тариқасида экилиб, уларнинг ҳосилдорлиги, иқлим шароитига мослашувчанлиги, касалликларга чидамлилиги ҳамда агротехник самарадорлиги илмий асосда таҳлил қилинмоқда. Бу эса илмий ёндашувсиз замонавий пахтачиликни ривожлантириш мумкин эмаслигини яна бир бор тасдиқлайди.

[gallery-27737]

Вазир инновацион селекция ишлари ҳосилдорликни ошириш, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш ҳамда рақобатбардош маҳсулот етиштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга тезкор татбиқ этиш, илғор тажрибаларни кенг жорий қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Кластер раҳбарияти томонидан келгусида тажриба майдонларини 28 сотихгача кенгайтириш, янги пахта навларини кўпайтириш, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион агротехнологияларни янада кенг жорий этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси пахтачилик соҳасида барқарор ўсишнинг муҳим асосий омилларидан бирига айланмоқда. Ғиждувондаги ушбу иссиқхона эса инновацион агротехнологияларни синовдан ўтказиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва замонавий қишлоқ хўжалиги моделини шакллантириш борасидаги муҳим тажриба майдони сифатида аҳамият касб этмоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари