Юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги халқаро ҳамкорлик илм-фан йўналишида ҳам кенгайиб, кўплаб давлатлар олимлари билан тажибалар алмашилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шодмон Намозов ва Россия Федерациясининг Красноярск ўлкаси қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Воропаев бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда «Развития Енисейской Сибири» корпорацияси бош директори Наталя Абрамова ҳам иштирок этди.
Учрашув аввалида Ш.Намозов делегация вакилларига Миллий марказ фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Красноярск ўлкаси ўртасида аграр илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, шоли, дон, картошка ва дуккакли экинлар бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш, икки ҳудуд иқлимига мос келувчи технологияларни жорий этиш, аграр таълим ва малака ошириш йўналишида қўшма илмий дастурлар ташкил этиш, замонавий суғориш технологияларини татбиқ этиш каби йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, икки томон ўртасида илмий ахборот алмашинуви ва ўзаро экспертлар алмашинуви масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди, дейилади Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази маълумотида.
Учрашув якунида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ва «Развития Енисейской Сибири» корпорацияси ўртасида аграр илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган икки томонлама меморандум имзоланди.
Томонлар меморандумда белгиланган вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Мазкур учрашув ҳар икки томон учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, келгусида аграр илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА