Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. Кейинги йилларда аграр тармоқда хорижий компаниялар билан бирга йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5+1” форматидаги саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов «CNH Industrial» компаниясининг Шимолий Америкада ҳукумат билан алоқалар бўйича раҳбари Метю Харт билан учрашди.
Музокараларда «CNH Industrial» компаниясининг Ўзбекистонда амалга ошираётган ва режалаштираётган лойиҳалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги техникасини модернизация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий сервис ва техник қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инновацион лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда аграр соҳада кадрлар тайёрлаш борасида тажриба алмашиш юзасидан келишувга эришдилар.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва «CNH Industrial» ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА