Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш ва аграр ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида аграр соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалигидаги устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Шинжон усулида пахта етиштиришга тайёргарлик ишлари, пиллачиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ариқ ва зовурларни бетонлаштириш, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳолати ва картошка экиш ишлари бўйича аниқ режалар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, 2026 йилда 646 та фермер хўжалигида 2273 гектар майдонда картошка экиш режалаштирилган. Шунингдек, ички сув тармоқларини такомиллаштириш мақсадида 175 километр ариқлар бетонланади ва 205 километр ариқлар тозаланади. Буларнинг барчаси сувдан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган чоралардир.
Йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича амалий натижалар таҳлил қилинди ва масъул шахсларга аниқ вазифалар юклатилди. Мавсумни ташкил этишда уюшқоқлик, ҳар гектардан максимал унумли фойдаланиш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажаришда шахсий масъулиятни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири