Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аграр соҳада амалга ошириладиган муҳим вазифалар мавжуд
16:11 / 2025-12-24

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Билим ва инновациялар Миллий маркази(AKIS)да “Глобал иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат ва маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлудахон Хўжаева, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров, Олий Мажлис Сенатнинг Аграр сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова, Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломурадов, аграр соҳа экспертлари, илмий-тадқиқот муассасалари олимлари, профессор-ўқитувчилар қатнашди. 

Конференциянинг асосий мақсади – глобал иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифат ва хавфсизлигини ошириш, инновацион ва иқлимга мос ечимларни жорий этиш орқали БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлларини муҳокама қилишдан иборат. 

Маълумки, бугунги кунда ер юзида иқлим ўзгариши ва турли экологик муаммолар, шунингдек, урбанизация жараёнларининг кучайиб бориши оқибатида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш қийинлашмоқда. Бу эса дунё озиқ-овқат бозорларида нарх-наво кўтарилиб боришига сабаб бўлмоқда. Статистикага кўра, жаҳоннинг 54 мамлакатида оилалар моддий аҳволи даражасининг пасайиши кузатилган, 20 дан зиёд давлат аҳолисининг асосий қисми очликдан қийналмоқда. 

Жумладан, БМТ маълумотларига кўра, жаҳон аҳолисининг 815 миллион нафари оч қолаётган бўлса, 2050 йилга бориб бу икки миллиард кишига етади. Уларнинг 12,9 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Бу, албатта, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришдаги муаммолар ва унинг хавфсизлиги билан боғлиқ жараёнлар фонидаги вазиятдир. 

Тадбирда AKIS директори, академик Шодмон Номозов мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида айтиб ўтди. Масъуллар томонидан бу борадаги қонуний-меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз юритилди. 

Маълумки, жорий йил 6 августда “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун кучга кириб, у озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш каби масалалар алоҳида эътиборга олинган. 

Кузатувларга кўра, жорий йилда Ўзбекистон 2025 йил учун барқарор ривожланиш мақсадлари индексидаги кўрсаткичларини яхшилаб, ўтган йилга нисбатан 19 поғонага кўтарилди ва 2015 йилдан буён Марказий Осиё ва Шарқий Европа давлатлари орасида жадал ривожланаётган давлат сифатида эътироф этилди. 

Конференцияда наслчилик ва чорвачилик, ер деградацияси ва шўрланишнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири, қурғоқчилик ва сув танқислиги, рақамли технологияларнинг афзалликлари каби мавзуларда маърузалар тингланди. 

А.Мусаев,ЎзА.