Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аграр бозорни тартибга солиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари яширин айланмасининг олдини олиш ва солиқ маъмуриятини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2024–2025 йилларда жорий этилган электрон харид қилиш далолатномалари тизими эса ушбу ўзгаришларнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Жисмоний шахслардан маҳсулот харид қилиш жараёнининг электрон шаклга ўтказилиши ҳужжат айланмасини соддалаштирди. Бундан ташқари бозордаги реал айланмани илк бор тўлиқ рақамли қайд этиш имконини яратди. Натижада, айрим соҳаларда йиллар давомида яширин фаолият юритиб келаётган иқтисодий фаолият очиқ, шаффоф бўлмоқда.
Бунинг натижасида қисқа вақт ичида 7 триллион сўмдан ортиқ яширин айланма фош қилинди. Бу аграр бозорда рақобат, шаффофлик ҳамда самарадорликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бозорида сўнгги икки йилда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотлар ўзининг илк натижаларини берди. Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари, 2025 йил 1 мартдан экспортёрлар, 2025 йил 1 ноябрдан эса барча тадбиркорлик субъектлари жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилганда электрон харид қилиш далолатномасини расмийлаштирди.
Ушбу ўзгариш нафақат бюрократик муаммоларни қисқартирди, балки аграр бозордаги реал айланмани юритишда илгари кузатилмаган даражада ошкоралик яратди.
Солиқ қўмитасининг маълумотига кўра, электрон далолатнома расмийлаштиришда энди сотувчи жисмоний шахсдан JSHSHIR талаб этилмайди. Бу механизм, қишлоқ аҳолисига маҳсулот сотишни енгиллаштирди. Савдони яширин айланмадан чиқаришга хизмат қилди. Тўлов ва ҳисоб-китобларни тезлаштирди. Бозорда расмий айланмани кескин оширди.
2025 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, электрон далолатномалар орқали қуйидаги йирик савдо амалга оширилди. Хусусан, умумий овқатланиш корхоналари 281,9 миллиард сўмлик харид қилган.
Энг кўп харид қилинган маҳсулотлар, мол гўшти — 716 тонна (81,5 млрд сўм), қўй гўшти — 208 тонна (27,6 млрд сўм), балиқ — 141 тонна (13,4 млрд сўм), помидор — 870 тонна (12,5 млрд сўм)ни ташкил этган.
Шунингдек, 414 та экспортёрлар 108 турдаги маҳсулот бўйича 6,6 триллион сўмдан ортиқ харидни амалга оширган.
Икки сектор бўйича умумий айланма қарийб 7 триллион сўмдан ошди. Бу электрон тизимнинг қисқа муддатдаги натижаси жуда самарали эканини кўрсатмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, электрон далолотномалар ҳар бир савдо амалиётини рақамли қайд этади. Бунинг натижасида яширин савдо улушини камайтиради. Солиқ тушумларини оширади. Бозор нархларининг сунъий оширилишига чек қўяди.
Жаҳон банки таҳлилларига кўра, электрон ҳисоб-китоб тизимлари яширин айланмани 25–30 фоизгача қисқартириш имконини беради. Ҳужжатлар электрон шаклга ўтгач, тадбиркорлар учун ҳисоб-китоб юритиш осонлашди, солиқ органлари учун эса назорат самарадорлиги ошди.
Шу билан бирга, электрон далолатномалар орқали ҳосил ҳажми, ички бозор айланмаси, экспорт салоҳияти бўйича аниқ рақамлар шакллантирилади. Экспортёрлар томонидан амалга оширилаётган харидлар реал вақтда қайд этилиши эса сифат назорати, маҳсулот келиб чиқиши, логистика самарадорлиги каби жараёнларни яхшиламоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2027 йилга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари расмий товар айланмаси уч баробарга ошади. Электрон далолатномалар барча аграр сегментларда тўлиқ жорий этилади. Рақамли сертификатлаш, онлайн назорат ва электрон логистика тизими йўлга қўйилади.
Бу ўзгаришлар аграр секторда рақобатбардошликни кучайтириши, экспорт имкониятларини кенгайтириши ва фермер ҳамда аҳоли учун қулай бозор муҳитини яратиш имконини беради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА