Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аграр соҳа вакиллари учун манфаатли кўргазма
10:32 / 2026-03-04

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган “SOF EXPO” халқаро кўргазмалар мажмуаси ҳудудида “AGRO PRO EXPO-2026” халқаро агро-саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Қишлоқ хўжалигида мавсумга пухта ҳозирлик мўл-ҳосилни таъминлайдли. Шу боис бободеҳқонларимиз ҳар йили мавсум аввалида агротехникаларни созлаб, уруғ ва кўчатларнинг энг сарасини топиб, уларга ишлов бериш учун минерал ўғит, био ҳамда кимёвий препаратлар захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратади. “AGRO PRO EXPO-2026” халқаро агро-саноат кўргазмаси бунинг учун энг яхши ечим ҳисобланади. Бу ерда бободеҳқон учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотлар жамланган. Кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга 30 дан ортиқ хорижий иштирокчилар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

– Компаниямиз Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб фаолият юритмоқда, – дейди Туркиянинг “Agrobest grup” компаниясининг Ўзбекистондаги раҳбари Фотиҳ Бош. – Асосий фаолиятимиз қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар савдосини амалга оширишга қаратилган. Деҳқон, фермер ва кластер хўжаликларига минерал ўғитлар, биостимуляторлар, кимёвий препаратларни етказиб берамиз. Бунда фақатгина сотув эмас, балки ҳамкорликда ишлаётган деҳқонлар, фермер хўжаликлари ва кластерларнинг бевосита ер майдонларида бўлиб, экин турларини, ер ҳолатини ўрганган ҳолда уларга тегишли кўрсатмаларни бериб, зарур препаратлар ва ўғитларни тавсия қиламиз. Бунинг учун Туркиядан тўрт нафар қишлоқ хўжалиги бўйича малакали мутахассисимиз Ўзбекистонга келган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳашаротларга қарши курашиш, ўсимликларни озиқлантирувчи препаратларга талаб юқори. Мазкур кўргазмада ҳам ўз маҳсулотларимизни намойиш этиб, соҳа вакилларига тавсияларимизни беряпмиз.

Кўргазманинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги савдо миссияси масъули Ксения Шутова ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги долзарб муаммоларга тўхталди. Кўргазма иштирокчилари томонидан таклиф этилаётган ишланмалар, замонавий техникалар, ускуналар, уруғ ва кўчатларнинг барча-барчаси соҳа ривожи, муаммолар ечими эканлиги таъкидланди.  

Тадбир доирасида анъанавий AGRO PRO EXPO халқаро кўргазмасида доимий равишда иштирок этиб, агросаноат соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ иштирокчилар ташкилотчиларнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида “UVT Global” масъулияти чекланган жамияти ҳам бор.

– Корхонамиз 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, ветеринария хизматларини кўрсатиш билан шуғулланамиз, – дейди “UVT Global” масъулияти чекланган жамияти бош директори Муҳаммадамин Зиёев. – Сир эмас, чорвачилик соҳасида ветеринария хизматига талаб катта. Ҳар йили мавсумий касалликлар чорвадорларимизни қийнаб қўяди. Шундай вазиятда хорижда ишлаб чиқарилган энг самарали воситалар билан уларга хизмат кўрсатиб келмоқдамиз. Шунингдек, чорвачилик хўжаликлари учун зарур бўлган соғиш ускуналари, сут ва сув фильтрлари ва бошқа асбоб-ускуналар етказиб берамиз. AGRO PRO EXPO халқаро кўргазмасида иккинчи бор қатнашмоқдамиз. Дастлабки иштирокимизда кўплаб ҳамкорлар билан иш бошлагандик. Бу йилги кўргазмада ҳам йирик чорвачилик хўжаликлари ҳамкорликда ишлашга қизиқиш билдирмоқда.

[gallery-27946]

Кўргазмада асосий эътибор замонавий агротехнологиялар ва инновацион ечимлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автоматлаштирилган тизимлар, замонавий суғориш ускуналари, уруғлик, агрохимикатлар ва лаборатория ускуналари, маҳсулотларни сақлаш ва логистика ечимлари, чорвачилик ва паррандачилик йўналишларига қаратилган.  

Соҳада фаолият юритаётган деҳқон, фермер хўжаликлари ва кластерлар масъуллари кўргазмада иштирок этиб, бугунги кун талабига мос замонавий агротехнологиялар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автоматлаштирилган тизимлар, замонавий суғориш ускуналари билан танишмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари