Бугунги кунда мамлакат тараққиёти, ривожи, дастурхонларнинг тўкинлиги, аҳолининг фаровонлиги аграр тармоқ ривожига боғлиқ. Сирдарёда бўлиб ўтган, “Аграр соҳага янгича илмий ёндашувларни жорий этиш” масалаларига бағишланган республика амалий семинарида ҳам ана шу масалалар тўғрисида сўз юритилди.
Семинарда Президентнинг Иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчи ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бошчилигида, қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев,Сирдарё вилояти хокими Акмалжон Маҳмудалиев, вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.



Иштирокчилар Сирдарё туманидаги “Ўзбекистон-Хитой” дўстлиги боғида ташкил этилган, Сирдарёда етиштирилган, хорижий давлатларда эътирофга сазовор бўлган полиз маҳсулотлари кўргазмаси билан танишгач, “Peng-Sheng” “Ўзбекистон-Хитой” қўшма корхонаси, унинг негизида ташкил этилган “Peng-Sheng charm” корхонасига ташриф буюрдилар. Аҳамиятли томони, лойиҳа қиймати 8,9 миллион доллар бўлган мазкур корхонада йилига 468 тонна желатин маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотнинг катта қисми Россия, Болтиқ бўйи мамлакатлари, Европа давлатларига экспорт қилинади.


Сўнгра корхона қошида фаолият юритаётган “Agro eco technology” МЧЖга қарашли узумчилик плантацияси ва Хитой тажрибаси асосида парваришланаётган пахта майдони кўздан кечирилди. Хитой технологияси асосида, 67 гектар ер майдонда экилган пахтанинг “Султон” нави, уни етиштириш ва томчилаб суғориш тизими билан боғлиқ жараёнлар, замонавий технологиялар асосида олиб борилаётган ишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.


—Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Наинки ғалла, пахтачиликда юқори ҳосил олиш, яхши даромад топиш учун агротехник тадбирларга аҳамият қаратиш керак. Бунинг учун бизда барча имкониятлар бор. Ишни тўғри ташкил этсак, ғўза қатор ораларига ўз вақтида ишлов берсак, пахтадан 50 кейинги йилда эса 60 центнердан ҳосил олиш мумкин,—деди Шуҳрат Ғаниев.

Мамлакатимизда пахта, ғалла, сабзавот, полиз, боғ ва узум йўналишида катта тажриба мактаби яратилган. Буни Боёвут тумани мисолида ҳам кўрсатиш мумкин. Сирдарёда ўтказилган “Аграр соҳага янгича илмий ёндашувларни жорий этиш” масалаларига бағишланган республика амалий семинарида, Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган соҳа ходимлари бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилишди.
Семинар иштирокчилари тумандаги “Ҳасанбой Ҳусанбой” фермер хўжалиги дала майдонида бўлишиб, эртаги экинлардан бўшаган ер майдонига экилган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган, эҳтиёжманд аҳолига экиб берилган такрорий экин, мош парвариши, унинг агротехник усуллари билан яқиндан танишди.



Фермер хўжалиги раҳбари, Омон Холиқулов семинар иштирокчиларига, эртаги экинлардан бўшаган, такрорий экин экилган, эҳтиёжманд аҳолига 1 гектардан ажратиб берилган мош даласи, ундан олинадиган даромад тўғрисида маълумот берди.
Меҳмонлар, Боёвутда, “Ҳасанбой Ҳусанбой” фермер хўжалигига ёндош ҳудудда қад ростлаган такрорий экин бўйича штаб фаолияти билан танишди. Туман ҳокими, сенатор Дилффуза Ўролова 136 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган Боёвут тумани, ундаги маҳаллалар, у ерда истиқомат қилаётган, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1217 нафар аҳолининг 800 нафарига ёрдам сифатида, эртаги экинлардан бўшаган ер майдонларига такрорий экин экиб берилгани, бу эса улар учун катта ёрдам бўлганлиги тўғрисида гапирди.

Энг муҳими, Сирдарёда “Аграр соҳага янгича илмий ёндашувларни жорий этиш” масалаларига бағишланган республика амалий семинари мазмунан жиҳатдан бой бўлиб, тажриба мактабини ўтади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА