Шарҳ

Мамлакатимизда аграр соҳада олиб борилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар соҳани ривожлантириш баробарида аҳолини сифатли ва хавфсиз ҳамда узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Шу йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, аграр соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида бир қатор мақсад-вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур фармоннинг аҳамияти, унда кўзда тутилган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Муқаддасхон Аҳмедова батафсил шарҳлаб берди:
— Мамлакатимизда ўтган йилларда аграр соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ бозор конъюнктураси, озиқ-овқат хавфсизлигига доир глобал хатарлар, табиий-иқтисодий омиллар давлат қўллаб-қувватлашининг самарадорлигини янада оширишни тақозо этмоқда.
Шу маънода давлатимиз раҳбарининг “Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишдаги амалий ишларнинг мантиқий давоми бўлиш билан бирга, аграр сиёсатда мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмини кўпайтириш, аграр соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда соҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Яна бир муҳим жиҳати, фармон давлат қўллаб-қувватлашининг институционал ва молиявий моделини тубдан янгилаш, рақамли бошқарувни жорий этиш ҳамда самарасиз механизмларни бекор қилиш орқали соҳани стратегик ривожлантиришни кўзда тутади.
Таъкидлаш жоизки, ҳужжат моҳияти ва аҳамиятига кўра, мамлакат аграр салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган учта устувор йўналишни қамраб олади.
Биринчиси, соҳани қўллаб-қувватлаш тизимини рақамлаштириш билан боғлиқ. Сир эмас, аграр соҳада ҳужжат айланмаси кўплиги, кўп босқичли мувофиқлаштириш ва инсон омиллари кўплаб муаммоларни келтириб чиқарар эди. Фармонга кўра, барча жараёнларни рақамлаштириш орқали меҳнат ҳамда вақт сарфи икки баробарга камаяди. Молиявий ресурслар тақсимотида манзиллилик ва шаффофлик таъминланади. Коррупция хатарлари кескин қисқаради.
Иккинчиси, қўллаб-қувватлаш турларини оптималлаштиришга қаратилган бўлиб, бугунга келиб субсидия ва грант турларининг ҳаддан зиёд кўплиги уларни бошқаришни қийинлаштираётганди. Ҳужжатда белгиланган вазифалар мана шу қўллаб-қувватлаш чораларини ягона стандартга солиш, қолаверса, самарасиз турларни бекор қилиш ҳамда 2028 йилгача уларнинг сонини 50 фоизга қисқартиришни вазифа қилиб қўйди. Бу ўзгаришлар бюджет маблағларини мақсадли йўналтириш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга, албатта.
Навбатдаги муҳим йўналиш эса ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни назарда тутади. Бунда 2030 йилга бориб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 20 фоизга оширилиши кутилмоқда. Бу нафақат ички талабни қондириш, балки экспортда рақобатбардошликни кучайтириш имконини беради.
Соҳа тараққиётини таъминлашга хизмат қиладиган яна бир муҳим янгилик шундаки, бу янги институт — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлигининг ташкил этилиши. Бу тузилма аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Яъни, бу йўналишда марказлашган бошқарув сари қадам қўйилди. Энг қизиғи, Агентликнинг вазифалари илмий ёндашув билан шакллантирилган. Хусусан, давлат қўллаб-қувватлаш чораларини ягона марказ орқали амалга ошириш, самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва уларни доимий таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлашнинг янги турларини ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги самарасизларини бекор қилиш, шунингдек, ариза беришдан то тўловга қадар бўлган жараёнларни 100 фоиз рақамлаштиришни ўз ичига олади. Бу модель давлат қўллаб-қувватлашини тартибга солишда замонавий бошқарув технологияларига ўтиш демакдир.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фармон билан жорий йил якунига қадар “Агросубсидия” платформаси бир қатор муҳим давлат органлари — солиқ, божхона идоралари, “Ўзбеккосмос” ҳамда Кадастр агентликлари, тижорат банклари ўртасида ахборот тизимлари интеграция қилинади. Мазкур интеграция тадбиркорлар учун ортиқча ҳужжат талабларини бекор қилади, қарор қабул қилишни тўлиқ рақамли маълумотлар асосида амалга оширишга имкон беради. Қолаверса, дала текширувларини хавфларга асосланган интеллектуал моделларга ўтказади. Натижада қўллаб-қувватлаш жараёнлари шаффоф, тезкор ва адолатли бўлади.
Маълумки, назорат, жамоатчилик билан ишлаш ва очиқлик демократиянинг амалий ифодаси ҳисобланади. Ҳужжат ана шу тамойилларни ҳаракатга келтирадиган, аграр сиёсатнинг келажакка қаратилган дастури, десак, тўғри бўлади.
Депутат сифатида таъкидлашни истардимки, мазкур фармон нафақат аграр соҳани, балки иқтисодиётимизнинг барча йўналишларини қамраб олган улкан трансформациянинг муҳим драйвери ҳисобланади. Унинг амалга оширилиши натижасида қишлоқ хўжалигида замонавий бошқарув тизими шаклланади, субсидия ва қўллаб-қувватлашнинг самарадорлиги ошади. Шу билан бирга, инновацион аграр сиёсатга асос солиниб, озиқ-овқат хавфсизлиги янада мустаҳкамланади. Ўз навбатида, тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратилади.
Биз, халқ вакиллари фармонда белгиланган вазифалар ижроси таъминланишида парламент назоратини олиб бориш ва ҳар бир топшириқ бажарилишида тегишли вазирлик ва идораларга, фуқароларга яқин кўмакдош бўлишимиз зарур. Зеро, ҳужжат соҳадаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга, янги, рақобатбардош, рақамли ва самарали аграр тизимни барпо этиш йўлидаги қатъий қадамдир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА