Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аграр сиёсатда аниқ натижа ва мақсадлар уйғунлиги барқарор ривожланишга хизмат қилади
13:25 / 2025-12-13

Муносабат

Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида глобаллашув жараёнлари, турли инқирозлар, табиий офатлар ҳамда геосиёсий зиддиятлар авж олмоқда. Шундай пайтда мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бўлган эҳтиёжи тобора ортиб бормоқда. 

Бундай мураккаб ва тез ўзгарувчан шароитда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир давлат учун стратегик аҳамият касб этиб, миллий иқтисодиёт барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигининг асосий омили сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон учун ҳам ушбу масала устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантириш, уни замонавий талабларга мослаштириш ҳамда мустаҳкам институционал асослар билан таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, аграр секторни диверсификациялаш, юқори самарали агротехнологияларни жорий этиш, агрологистика тизимини ривожлантириш, ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришга қаратилган мақсадли дастурлар изчил амалга татбиқ этилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан ўтказган учрашуви мамлакат аграр сиёсатининг янги босқичини белгилаб бергани билан алоҳида аҳамиятга эга. Учрашувда билдирилган фикрлар, қайд этилган натижалар ва белгилаб берилган устувор вазифалар аграр ислоҳотларнинг келгуси йўналишларини янада аниқлаштириб берди.

Президент таъкидлаганидек, бугун 3,5 миллиондан зиёд инсон меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалигида салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, 4 миллион тоннадан ортиқ пахта, 8,4 миллион тонна ғалла, 1,34 миллион тонна шоли, шунингдек, ўнлаб миллион тонна сабзавот-полиз, мева ва дуккакли экинлар етиштирилди. Бу натижалар меҳнаткаш деҳқон ва фермерларимизнинг самарали меҳнати маҳсулидир.

Қувонарлиси, мева-сабзавот экспорти илк бор 37 фоизга ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди. 180 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларимиз 83 та давлат бозорларига кириб боргани Ўзбекистон брендининг жаҳон бозоридаги нуфузи ортиб бораётганини кўрсатади.

Аграр соҳадаги ушбу ютуқларни барқарор сақлаш учун қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси”, 2025 йилда қабул қилинган “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида аниқ вазифа ва кўрсаткичлар белгилаб берилган.

Жумладан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабелликни ошириш мақсадида бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга, экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даражасини 25 фоиздан юқорига чиқариш мақсад қилинган.

Шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида сув тежайдиган технологиялар жорий этилган ерлар майдонини 2 миллион гектарга, шу жумладан томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектарга етказиш, 18,7 минг км ёки 66 фоизи тупроқ ўзанли бўлган магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг бетон қопламали қисмини 13,1 минг кмгача ошириш режалаштирилган.

Иқлим ўзгариши шароитида аграр соҳанинг барқарорлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис агрометеорологик прогнозлар ишончлилик даражасини 96 фоизга етказиш мақсад қилиб олинган бўлиб, ўтган икки йил ичида бу йўналишда сезиларли натижаларга эришилди. Жорий йилда илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга, ғаллада эса 85 центнерга етказилди.

Бундан ташқари, уч йиллик боғдорчилик дастури, адир ерларни аукцион орқали сотиш, экспортчиларга қадоқлаш харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш, музлаткичли омборлар учун фоиз тўловларини субсидиялаш каби ташаббуслар интенсив боғдорчиликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда аграр соҳада 22 та илмий марказ ва 260 та лаборатория фаолият юритмоқда. Президент ташаббуси билан ташкил этилаётган Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси эса “илм – таълим – ишлаб чиқариш” занжирини ўзаро боғловчи муҳим платформага айланади. У фундаментал ва амалий тадқиқотлар, янги навлар яратиш ҳамда инновацион агротехнологияларни жорий этишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда аграр соҳани комплекс ривожлантириш, уни илмий ёндашув ва замонавий инновациялар асосида янгилашга қаратилган изчил сиёсат амалга оширилмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги аниқ мақсадли дастурлари миллий манфаатларни ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Қишлоқ хўжалигининг барча бўғинларини қамраб олган ислоҳотлар — ҳосилдорликни ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, фермер ва деҳқонлар меҳнатини рағбатлантириш, агрологистика ва қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш орқали мамлакатимизнинг аграр салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Бу жараёнда қонунчилик базасининг мустаҳкамлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг таъминланиши ва парламент назоратининг кучайтирилиши муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу маънода, парламент вакили сифатида соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг тўлақонли ижросини таъминлаш бизнинг асосий масъулиятимиздир.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси.

ЎзА