Мамлакатимиз мактабгача таълим вазири, Кичик ёшдаги болаларга таълим ва тарбия бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси раиси Агриппина Шин пойтахтимизда ўтказилаётган конференция иштирокчиларига конструктив мулоқот, дадил ташаббуслар, креатив таклифлар ва самарали фаолият тилади. Шунингдек, у конференция очилишида сўзлаган нутқида бир қатор долзарб масалаларга тўхталиб ўтди.
– Коронавирус пандемияси таълим тизимига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатди, – дейди А.Шин. – Глобал таълим инқирозининг оқибатлари тенгсизликни кучайтирди ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб болаларни таълим, соғлиқни сақлаш ва овқатланиш каби ҳаётий эҳтиёжлардан тортиб ижтимоий ҳимоягача маҳрум қилди. Авлодларимиз келажаги билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун таълимни миллий сиёсатнинг устувор йўналиши ва умумий глобал манфаатга айлантиришимиз керак. Таълимни ислоҳ қилиш – сиёсий ирода, молиялаштириш ва жасорат талаб қилади. Агар ёш авлод иқлим ўзгаришидан рақамли инқилобгача бўлган мураккаб муаммоларга дуч келганда, билим, қадриятлар ва кўникмаларга эга бўлмаса, барқарор ривожланиш асло мумкин эмас. Биз ЮНEСКОнинг таълимга оид тавсияларини тинчлик ва инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қайта шакллантириш, уни бугунги куннинг муаммоларига жавобан давлат сиёсатига йўналтириш ҳамда узоқ муддатли истиқболни ислоҳ қилиш бўйича глобал муҳокамани бошладик. Албатта, бизга етарли маблағ, кўпроқ моддий, молиявий ва инсон ресурслари керак бўлади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган Париж декларациясида ЮНEСКОга аъзо мамлакатлар давлат харажатларининг камида 15 фоизини ёки ЯИМнинг 4 фоизини таълимга йўналтириш мажбуриятини олган эди. Бу иштирок долзарб аҳамият касб этади. Сизларга маълумки, таълимга киритилган сармоя, энг яхши сармоядир.
Янги Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакат тараққиётнинг янги босқичига ўтди. Унинг устувор йўналишларидан бири инсон капиталини ривожлантиришдир. Эрта ривожланиш ва таълим, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидандир. Шундай экан, 2017 йил Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганидан буён болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бугунги кунга келиб 27 фоиздан 70 фоизга ошди. Айни пайтда 2 миллиондан ортиқ мактабгача ёшдаги болалар боғчаларга бориш имкониятига эга. Мамлакат раҳбариятининг кучли сиёсий иродаси ва ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларисиз бу тараққиётга эришиб бўлмас эди.
Кичик ёшдаги болаларга таълим ва тарбия бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган Таълимни ўзгартириш бўйича саммитнинг мантиқий давоми бўлди. Бугун биз аъзо давлатлар ва халқаро ҳамжамиятни сиёсий мажбуриятимизни янгилаш ва кенгайтириш, шунингдек, ҳар бир боланинг эрта болалик даврида сифатли таълим-тарбия олиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлаш учун бу ерга йиғдик. Ишончим комилки, конференция ғоялари кичик ёшдаги болаларнинг таълим-тарбияси тараққиётига йўналтирилган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида барча форум иштирокчиларининг бирлашуви ва ҳамжиҳатлигига хизмат қилади.
Конференциямиз якунлари бўйича қабул қилинадиган Тошкент декларацияси эрта ривожланиш стратегиясида янги саҳифа очади ва келгуси ўн йилликда мактабгача таълим соҳасидаги халқаро кун тартибини белгилаб беради.
Агар биз дунёни ўзгартирмоқчи бўлсак, аввало таълимнинг ўзини ўзгартиришимиз керак. Таълим тизимини жаҳон миқёсида глобал трансформациясига биргаликда таъсир кўрсатишимиз мумкин. Фарзандларимиз келажаги йўлида уни янада яхшилашга барчамиз масъулмиз.
Моҳигул Қосимова ёзиб олди, ЎзА