Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, агар АҚШдан F-16 жанговар самолётларини олмаса, мамлакат "ўзи ҳақида қайғуради", деб баёнот берди.
Бундан аввал АҚШ Туркияни янги авлод F-35 қирувчи самолётлари ишлаб чиқариш дастуридан чиқарилгани ҳақида расман маълум қилган эди. Бунга Анқаранинг Россиядан С-400 ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини харид қилгани сабаб бўлганди. Вашингтон Туркия билан F-35 бўйича имзоланган қўшма меморандумни бекор қилди.
Ушбу қарорга мазкур дастурда иштирок этаётган еттита мамлакат – Буюк Британия, Италия, Нидерландия, Австралия, Дания, Канада ва Норвегия ҳам ўз имзолари билан қўшилди. Шундан кейин Эрдоған АҚШга бешинчи авлод эмас, балки тўртинчи авлод - F-16 самолётларини харид қилиш таклифини илгари сурди. Бироқ ушбу масала ҳам АҚШ конгрессида маъқулланиши керак бўлади.
"Жаноб Байден ушбу масалани ҳал қилиш ҳақида менга ваъда берган. Байден ушбу масалага ижобий қарашини биламан. Биз ҳатто республикачилар билан ҳам учрашган эди ва улар ҳам масалага ижобий қарашини айтган эди. Энди, агар биз АҚШдан F-16 масаласи бўйича кутилган натижага эга бўлмасак, нима қиламиз? Биз ўзимизнинг ташвишимизни ўзимиз кўрамиз.
Сизлар F-16 бўйича Грецияга турли ёрдамларни кўрсатиб келмоқдасиз, у ерда базалар ташкил этмоқдасиз, лекин ушбу ёрдамни Туркия каби НАТО бўйича дўст мамлакатга кўрсатмаяпсиз, ҳолбуки, Туркия НАТОга ҳар доим, ҳар масалада ёрдам бериб келади, у НАТОнинг энг йирик бешта давлатларидан бири ҳисобланади. Агар шундай бўладиган бўлса, Туркия ўзи ҳақида ўзи қайғуриш керак. Қолган масалаларда бизнинг АҚШ билан муаммоимиз йўқ", - деди Эрдоған PBS телеканалига берган интервьюсида. Унинг гапларини Yeni Şafak газета газетаси ҳам келтирган дейилади РИА Новости тарқатган хабарда.