BBC нашри, хавфсизлик масалалари бўйича ўз мухбири Фрэнк Гарднернинг мақоласини эълон қилди. У “Агар АҚШ Эронга ҳужум қилса...” деган мавзуда фикр юритиб, эҳтимолий тахминларни ўртага ташлайди.
АҚШ Эронга ҳужум қилишга тайёр бўлиб, бу эҳтимолий ҳаракат яқин кунларда амалга оширилиши мумкин. Ҳолат шундан иборатки, эҳтимолий мақсадлар қисман аниқ бўлса-да, аниқ натижаларни тахмин қилиш қийин. Агар АҚШ Эрон билан келишувга эриша олмаса ва президент Дональд Трамп ҳарбийларига ҳужум қилиш буйруғини берса, бир қатор воқеалар ривож топиши мумкин.
Биринчиси - америкалик ҳарбийлар Эрондаги ҳарбий базалар, ядро дастурлари объектларига аниқ зарбалар беришади. Бу воқеалар мамлакатга ҳақиқий демократияга ўтиш имкониятини бериши мумкин. Аммо тарихдан кўриниб турибдики, Ироқ ва Ливияда ҳам қудратли диктатуралар ағдарилган, аммо барқарор демократия ўрнатиш ўрнига парчаланиш ва қон тўкишлар кузатилган.
Иккинчи тахминий сценарий бўйича мамлакатдаги режим сақланиб қолиши мумкин, лекин сиёсатда юмшашга мажбур бўлади. Буни «Венесуэла модели» ҳам дейиш мумкин. АҚШнинг тез ва қатъий ҳаракатлари ички ва ташқи сиёсатда чекловларни пайдо қилиш эҳтимоли бор. Масалан, Эрон ўз ядро дастурларини қисман тўхтатиши, ички намойишларга қарши босимни юмшатиши ва минтақадаги ҳарбий гуруҳларнинг қўллаб-қувватлашини камайтириши мумкин. Аммо, бу сценарий ҳам эҳтимолдан йироқ.
Учинчи сценарий бўйича режим ағдарилиб, мамлакат қўшинлар қўлига ўтади. Бу энг эҳтимолий натижа сифатида қаралмоқда, чунки мамлакатдаги режим аҳоли орасида кучли норозиликка дучор бўлди. Бироқ режимнинг қуламаганлиги, куч ишлатар тизимларнинг намойишчилар томонига ўтмаганлиги билан изоҳланмоқда. Шу боис, Эрон Ислом инқилоби қўшинлари асосий раҳбарликни қўлга олиши эҳтимоли мавжуд.
Тўртинчи сценарийда Эрон АҚШ ва қўшни давлатларга жавоб ҳужуми бериши мумкин. Эрон АҚШнинг ҳарбий базаларига зарар етказа олади, шунингдек Қўшма Штатларга ўзини ҳамкор деб ҳисоблаган давлатларни ҳам нишонга олиши мумкин.
Бешинчи сценарийда Эрон Ормуз бўғозини миналаштириши мумкин. Бу йўл дунё нефти ва гази ташиладиган муҳим стратегик ҳудуд бўлиб, миналаштиришдан дунё бозорида нархлар кескин ошиши мумкин.
Олтинчи сценарий бўйича, Эрон ўзининг жавоб ҳужуми билан АҚШ ҳарбий кемаларини чўктириб юбориш қудратига эга. Эрон флоти катта дронлар ва торпедо катерлари билан ёппасига ҳужум қилади, бу АҚШнинг мудофаа тизимларини издан чиқариши мумкин. Бу сценарийнинг юз бериш эҳтимоли кам дейишсада, лекин тарих воқеалари бунинг аксини кўрсатмоқда.
Еттинчи сценарийда Эрондаги режим ағдарилиб, мамлакатда тартибсизлик ва беқарорлик кузатилиши мумкин. Бу ҳолатда фуқаролар уруши, этник зиддиятлар ва давлат институтларининг заифлашиши юз беради. Кўп миллатли давлат бўлганлиги сабабли ҳар бир миллат ўз ҳудудини ҳимоя қилишга ҳаракат қила бошлайди. Эронда аҳоли сони катта бўлгани сабабли, бу гуманитар инқироз ва қочқинлар оқимини юзага келтириши мумкин.
Шу сабабли Трамп Эронга қарши ҳаракат қилишга қарор қилса, сценарийда тахмин қилинган ёки бошқа кутилмаган хунук натижаларга олиб келиши мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yh3hb_P5Hq8" title="Agar AQSH Eronga hujum qilsa..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА