Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг шу йил 7 декабрдаги фармонига кўра, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда тузалиш йўлига қатъий ўтган 402 нафар шахс афв этилди.
Жумладан, Ургут туманида яшовчи 15 нафар маҳкум ана шу бағрикенглик ва инсонпарварликдан баҳраманд бўлди. Улардан бир нафарининг жазоси енгилига алмаштирилди, 13 нафари жазодан шартли равишда, 1 нафари тўлиқ озод қилинди.

Ургут тумани ҳокимлигида афв этилган шахслар билан сектор раҳбарларининг учрашуви ўтказилиб, уларнинг муаммолари эшитилди. Ҳаётда тўғри йўлдан адашиб, жиноят кўчасига кириб қолган бу шахсларнинг энди оиласи бағрида ҳаёт кечириб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур ёрдам кўрсатилиши айтилди. Афв этилганларнинг саломатлиги, оилавий аҳволига, қўлида бирор бир касб-ҳунари борлигига эътибор қаратилди. Шу асосида уларга иш таклиф этилди. Маълумотларга кўра, шу пайтгача афв этилганларнинг барчаси тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди ва бир марталик ёрдам пули берилди. Тўрт нафари ўзига мос ишга жойлаштирилди.
– 2021 йилда жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судининг ҳукми билан 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эдим – дейди И.Суюнов. – Президентимизнинг фармони билан афв этилиб, муддатидан олдин озодликка чиқдим. Албатта, бу имкониятнинг қадрига етаман энди. Туман ҳокимлиги ва бошқа идоралар, маҳалла ижтимоий ҳаётга мослашишим учун ёрдам бермоқда, иш топиб беришди, бундан миннатдорман.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА